11:30 | 26.09.23

                       

Тошкентда кесилган 29 туп дарахт қасддан қуритилгани маълум қилинди

Дарахтлар 2021 йилда полиэтилен плёнка билан ёпиб чиқилган.

Аввалроқ Тошкент шаҳри Чилонзор туманида 29 туп кўп йиллик дарахт қуриб қолгани учун кесиб ташлангани ҳақида хабар берилганди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг маълум қилишича, дарахтлар бундан икки йил аввал полиэтилен плёнка билан ёпиб чиқилгани сабаб қуриб қолган.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Қайд этилишича, Чилонзор тумани Лутфий кўчасидаги 28 туп шумтол ва 1 туп заранг дарахти Тошкент Ботаника боғи мутахассиси ҳамда туман Экология бўлими масъулларининг 2023 йил 14 сентябрдаги хулосасига асосан қуригани сабабли кесилган.

Аммо мазкур дарахтлар 2021 йилда полиэтилен плёнка билан ёпиб чиқилгани сабаб қуриб қолгани айтилган. 2022 йилда ҳолат ўрганилиб, прокуратура органларига қуриганлик ҳолати бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилган. Ўша йилнинг август ойида ички ишлар органларига суриштирувга берилган. 2022 йилнинг сентябр ойида эса ҳужжат тугатилган.

2023 йилнинг май ойида ёғингарчилик ва шамол туфайли Лутфий кўчасидаги қуриган дарахтлардан бири қулаб тушган ва йўл ёпилиб, аҳоли ва йўловчиларга ноқулайлик келтириб чиқарган. Лутфий маҳалласи аҳолисидан эса қуриган ва йўловчилар ҳаёти учун хавфли бўлган дарахтларни кесиб, олиб ташлаш ҳамда ўрнига бошқа ўсимликлар экиш бўйича мурожаатлар ҳам келиб тушган. Шуларни инобатга олган ҳолда дарахтларнинг ҳолати ўрганилиб, ростдан ҳам қуриб қолгани аниқланган 29 та дарахт кесилган.

Дарахтлар кесилган ҳудудда 30 та дарахт ҳамда 1020 та бута экилиши режалаштирилган.

«Мазкур ҳолат бўйича бугунги кунда Бош прокуратура томонидан аввалги ҳолат ҳамда хулоса берилиши ҳолатларига ҳуқуқий баҳо бериш бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда», дейилади Экология вазирлиги муносабатида.

Kun.uz’нинг Экология қўмитасига таяниб хабар беришича, Лутфий кўчасида жойлашган 56 туп дарахт туман ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан ландшафт дизайни яратиш баҳонасида плёнка билан ўраб ташланган. Ўрганиш давомида дарахтларнинг 33 тасида аэрация етишмаслиги оқибатида қуриш аломатлари кузатилаётгани аниқланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: