11:39 | 25.09.23

                       

Тошкентда 29 туп кўп йиллик дарахт кесиб ташланди

Дарахтларнинг барчаси қуриб қолган.

Тошкент шаҳри Чилонзор туманида 29 туп кўп йиллик дарахт кесиб ташланди. Бу ҳақда шаҳар Экология бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Тошкент шаҳар Экология бошқармаси

Маълум қилинишича, туманнинг Лутфий кўчасида 29 туп шумтол дарахти қуриб қолган ва шу сабабли маҳаллий аҳоли томонидан йўловчилар ҳаёти учун хавфли бўлган дарахтларни олиб ташлаш ҳамда ўрнига янги кўчатлар ўтқазиш бўйича мурожаатлар келиб тушган.

Шунга кўра, давлат инспекторлари ҳамда Ботаника боғининг дарахтшунос мутахассислари томонидан дарахтларнинг ҳолати ўрганилиб, келиб чиқиши мумкин бўлган хавф-ҳатарнинг олдини олиш мақсадида қуриган дарахтларнинг кесилиши юзасидан белгиланган қонун ҳужжатларига асосан рухсатнома расмийлаштирилган.

Мутахассисларнинг айтишича, дарахтларнинг илдизи сувсизланиши натижасида қуриб қолган. Аҳолининг мурожаатига асосан қуриган дарахтлар олиб ташланган.

«Аҳолидан ва эколог блогерлар ҳамда журналистлардан биз олдиндан маълум қилган ушбу маълумотлар билан танишиб, айни жараёнларга холис баҳо беришларини сўраб қоламиз», дейилади хабарда.

Аввалроқ Қашқадарёда 17 туп арча кесилиши ортидан табиатга 18 миллион сўмлик зарар етказилганди. Самарқандда эса 55 йиллик қайрағочлар кесиб ташланган. Шунингдек, Сурхондарёда 8 туп қарағай кесилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: