21:36 | 16.12.23

                       

Тошкентда тенгдошини пичоқлаб қўйган 9-синф ўқувчиси 3 йилга озодликдан маҳрум этилди

Сўкиш оқибатида келиб чиққан жанжал ёшлардан бирининг хавфли даражада жароҳат олиши, бирининг панжара ортидан жой олишига сабаб бўлди.

Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги мактаблардан бирида 16 ёшли ўқувчи йигит шу йилнинг 4 июл куни соат 16:00 ларда тенгдоши билан уни сўккани учун муштлашади. Ҳамроҳлари уларни ўша куни тинчлантирадилар.

Бироқ, шу куни кечқурун улар ўзаро телефон орқали гаплашиб, бир-бирига ҳақоратли сўзлар айтиши оқибатида яна муштлашувга келишилади. Ушбу муштлашувга ёнида пичоқ билан борган 16 ёшли ўсмир танишининг бел соҳасига зарба беради. Экспертиза хулосасига кўра, пичоқланган йигитнинг жароҳати «ҳаёт учун хавфли» деб топилади. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди судьяси Умид Мусаев Bugun.uz‘га маълумот берди.

Ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди айбланувчини Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисмида келтирилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 85-моддаси тартибида 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Жазони тарбия колонияларида ўташ белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятидаги махсус тадбирларда муқаддам судланиб айни пайтда қидирувда бўлган 19 ҳамда 20 ёшли йигитлар қўлга олингани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: