15:30 | 16.01.24

                       

Тошкентда журналистик текширув олиб бораётган интернет сайти мухбири ушланиб, жавобгарликка тортилди

АОКА тегишли хулоса ва чоралар кўрилиши бўйича Бош прокуратурасига сўров хати юборди.

Nuz.uz интернет сайти ўз саҳифасида мухбир ходими Михаил Довлатов журналистик текширув олиб бораётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланиб, жавобгарликка тортилгани юзасидан хабар берди. Мухбирнинг ўзи маълум қилишича, уни белгиланмаган жойда тамаки чеккани важи билан идорага олиб кетишган ва узоқ вақт ушлаб қолишган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мамлакат қонунчилигида журналистлар ҳуқуқлари, ахборот олиш эркинлигига оид масалалар қатор нормалар билан мустаҳкамлаб қўйилганини эслатиб ўтди. Хусусан, Ўзбекистон Конституциясининг 81 ва 82 моддаларида давлат ОАВ фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлаши, шунингдек, цензурага йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланган.

Агентлик мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан муносабат билдиришлари, шунингдек, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги мақсадида аниқ ўрганиш ҳамда тегишли хулоса ва чоралар кўрилиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига сўров хати юборган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Zo’r TV журналистига қаршилик қилиб, операторни калтаклаган эркакка суд ҳукми ўқилгани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: