9:19 | 20.11.23

                       

Тошкентда мактаб директори ўқувчиларни калтаклади — видео

Шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат бўйича расмий муносабат билдирди.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси қуйидагиларни маълум қилди:

Воқеа 2023 йил 19 cентябр куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги 217-мактабда содир бўлган. Ўша куни 8-«Б» синф ўқувчилари А.М. ҳамда Ш.И. лар синфхонада ўзаро муштлашиб қолган. А.М. синфдошининг юзига мушт тушириб, тан жароҳати етказган. Бундан хабар топган мактаб маъмурияти ўқувчиларни директор хонасига бошлаган. Мактаб директори Я.Ш. маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, Чилонзор туман ИИО ФМБ ҲПБ ВEМБ инспектор психологи, катта лейтенант М.И. гувоҳлигида ўқувчилар билан тушунтириш ишлари олиб борган. А.М. га танбеҳ бериш чоғида мактаб директори жаҳл устида уни сўкиб, калтаклаган ва тартибга чақирган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан туман ҳокими ўринбосари, мактаб маъмурияти, ўқитувчилар, ИИБ ходимлари ва ота-оналар иштирокида ҳам йиғилиш ўтказилган. Айни пайтда воқеа ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўрганилмоқда.

«Ўқувчиларга нисбатан зўравонлик ишлатиш, жумладан, уларни ҳақоратлаш, калтаклаш педагог этикасига тўғри келмаслигини, бунинг учун қонунчилигимизда жазо чоралари белгилаб қўйилганлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз. Юқоридаги каби хунук ҳолат педагог обрўсига путур етказади, холос», – дейилади хабарда.

Аввалроқ, Хоразмдаги мактаблардан бирида ўқитувчи ўқувчини калтаклагани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: