10:19 | 22.11.23

                       

Учта вилоятда қалбаки акциз маркали спиртли ичимликларни сотувга қўйган дўконлар аниқланди

Алкогол маҳсулотлари асосан Тошкент вилоятидан келтирилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент матбуот хизмати хабар беришича, Сурхондарё, Наманган ва Сирдарё вилоятларида қалбаки акциз маркали алкогол маҳсулотларини сотувга қўйган савдо дўконлари аниқланган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент матбуот хизмати

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан Солиқ инспекцияси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Шўрчи туманидаги «B.f.» хусусий корхонаси раҳбари Ф.М. харидорга 205 дона KVADRAT номли алкогол маҳсулотини 4,1 миллион сўмга сотган вақтида ушланиб, ушбу савдо дўкони ва омборхонасидан Тошкент вилояти, Чиноз туманидаги Komsar МЧЖда ишлаб чиқарилганлиги кўрсатилган 19 хил турдаги умумий баҳоси 981,8 миллион сўмлик жами 29 080 дона қалбаки акциз маркали алкогол маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент матбуот хизмати

Департаментнинг Наманган вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Тўрақўрғон туманидаги «X.S.» МЧЖга қарашли савдо дўконида кирим ҳужжатлари бўлмаган Komsar МЧЖда ишлаб чиқарилганлиги кўрсатилган умумий баҳоси 160 миллион сўмлик жами 4 524 дона қалбаки акциз маркали алкогол маҳсулотлари сотувга қўйилганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент матбуот хизмати

Шунингдек, департаментнинг Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Сирдарё туманидаги «F.M.» МЧЖга қарашли савдо дўконида Komsar МЧЖда ишлаб чиқарилганлиги кўрсатилган жами 316 дона алкогол маҳсулоти савдога қўйилганлиги, шунингдек, 704 дона қалбаки акциз маркалар мавжудлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент матбуот хизмати

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш), 186-1-модаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, Самарқандда қалбаки акциз маркали алкогол маҳсулотлари борлиги аниқлангани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: