16:59 | 08.03.22

                       

Украинада геноцид бўлаётгани ҳақидаги изоҳлар қанчалик тўғри?

Мустақил журналист Нозим Сафари Bugun.uz билан суҳбатда бу саволга жавоб берди

Россия президенти Владимир Путин 24 февраль куни Донбассда махсус ҳарбий операция бошланганини эълон қилганди. Шундан сўнг мамлакат ҳарбийлари Украина ҳудудига бостириб кирди ва ракета зарбалари бера бошлади. Россия томони урушга сабаб сифатида Украинада «геноцид бўлаётгани»ни келтирди. «Bugun.uz» мустақил журналист Нозим Сафари билан суҳбатда ундан мазкур изоҳ қанчалик тўғрилиги ҳақида сўради.

Кадр: YouTube / BugunUZ

Журналистнинг таъкидлашича, урушнинг асосий сабаби сифатида Россия томони Украинада геноцид борлигини келтирмоқда.

«Геноцид йўқ Украинада. Геноцид борлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Икки томон ҳам бундай маълумот бера олмайди. Инсон ҳуқуқлари бўйича шуғулланувчи мустақил ташкилотлар бу борада кўп ўрганишлар ўтказган, лекин бундай ҳолат аниқланмаган. Ёки денацификация ибораси қўлланилмоқда. Бу 1945 йилдан сўнг амалга оширилган ҳаракатлар ҳисобланади, яъни бу ибора Германияни нацистлардан тозалашга нисбатан қўлланилган.

Украинада эса нацистлар йўқ. Украинада миллатчи партиялар бор, лекин улар охирги сайловларда бир фоиз ҳам овоз олмади. Балки бир фоиздан сал ошиқроқ овоз тўплагандир. Ҳукуматга алоқаси бўлмаган кичик гуруҳлар, шунчаки нацист ёки фашист бўлганлар бўлиши мумкин, лекин бундайлар Европада ҳам, Россияда ҳам бор», — деган у.

Маълумот учун, геноцид (юнонча «ўлдираман») оммавий зўравонликнинг бир шакли бўлиб, буни БМТ ҳар қандай миллий, этник гуруҳларни тўлиқ ёки қисман йўқ қилиш ниятида қилинган ҳаракатлар деб таърифлайди.

Суҳбатни тўлиқ қуйида кўришингиз мумкин:

Аввалроқ Telegram асосчиси Павел Дуров Украина воқеаларига муносабат билдирганди. Шунингдек, Украина–Россия музокараларининг учинчи босқичи якунлангани хабар қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: