18:41 | 06.04.22

                       

«Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қиламиз» — Тўқаев

Қозоғистон президенти урушга муносабат билдирди

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Американинг «The National Interest» журналидаги мақоласида Украинадаги урушга муносабат билдирди.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

Тўқаевнинг сўзалрига кўра, постсовет ҳудудида содир бўлаётган воқеалар мураккаб, бироқ бу Қозоғистоннинг олдинга ҳаракатланишига тўсқинлик қилмайди.

«Россия–Украина можароси фожиа бўлиб, унинг кўламини Европа қитъаси узоқ вақт давомида бошдан кечирмаган. Уруш бошланишидан икки ой олдин Қозоғистон фожиага: мамлакат мустақиллигининг ўттиз йиллик даврида мисли кўрилмаган зўравонликка айланган умуммиллий намойишларга юз тутди. Биз ҳали ҳам бундан қолган яраларни даволаяпмиз, бироқ ҳодисадан сабоқ олиб, қийинчиликларга дадил дош бериб, олға интиламиз», — деган президент.

Унинг таъкидлашича, Евроосиё ҳар доим динамик минтақа бўлиб келган, «лекин уни тинч, очиқ ва фаровон сақлаш учун биргаликда ҳаракат қилиш зарур».

«Россиядан кейинги энг йирик постсовет давлати бўлган Қозоғистон президенти сифатида мен ушбу мақсадлар учун курашишим керак. Дунёдаги энг узун чегарага эга давлатлар сифатида Қозоғистон ва Россия ўзаро ҳамкорликнинг алоҳида муносабатларини сақлаб келмоқда.

Ўз навбатида, бизда Украина билан дўстона муносабатларнинг чуқур анъаналари ҳам бор. Унинг ҳудудий яхлитлигини дунёнинг аксарият давлатлари каби ҳурмат қиламиз. Можаронинг БМТ низомига мувофиқ тез ва адолатли ҳал этилишига умид қиламиз. Мен президентлар — Путин ва Зеленский билан тўғридан-тўғри мулоқотда бўлиб, можарони тинч йўл билан ҳал қилишга чақирдим. Қозоғистон халқаро воситачи сифатидаги ролини давом эттиришга тайёр ва қодир», — деган у.

Аввалроқ Қозоғистон Донецк ва Луганск бўйича ўз позициясини эълон қилганди. Шунингдек, Қозоғистон санкцияларни четлаб ўтишда Россияга ёрдам бермаслигини билдирган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: