15:31 | 24.02.24

                       

Умра зиёрати билан шуғулланувчи айрим туроператорлар фаолияти вақтинча тўхтатиб турилади

Туризм қўмитаси Транспорт прокуратураси томонидан йўлланган хатга изоҳ бериб, Умра тадбирларини амалга оширувчи айрим сайёҳлик компаниялари фаолияти вақтинча тўхтатиб турилишини маълум қилди.

Транспорт прокуратураси туризм фаолиятини амалга ошириш билан шуғулланувчи бир нечта субъектларининг фаолиятини тўхтатишни сўраб Туризм қўмитасига хат йўллаганди. Қўмита мазкур ҳолатга муносабат билдириб, жиноий иш очилган компаниялар фаолияти тўхтатилишини маълум қилди.

Туризм қўмитаси томонидан мазкур ҳолат юзасидан туристик корхоналар таҳлил қилинди. Мазкур хат хусусий авиакомпания парвозларининг кечикиши натижасида Умра тадбирлари вақтида моддий ва маънавий жабр кўрган фуқаролардан олинган маълумотлар асосида юборилгани маълум бўлди.

Мазкур мурожаат хатида келтирилган дастлабки туристик корхоналар ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида Туризм қўмитаси томонидан Транспорт прокуратурасига мутахассис ажратилган.

Ҳозирда Транспорт прокуратураси билан биргаликда жиноят ишига алоқадор бўлган туристик корхоналарнинг идентификация рақамига (СТИР) аниқлик киритиш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳолат юзасидан алоқадор бўлган туристик корхоналарнинг идентификация  рақамларини (СТИР) аниқлаш ишлари якунланганидан сўнг жиноят иши очилган корхоналарнинг фаолияти вақтинчалик тўхтатиб турилиши маълум қилинган.

Аввалроқ Транспорт прокуратураси ўзбекистонликларни Умрадан қайтариш чораларини кўрмаган ва жиддий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган хусусий авикомпания мансабдор шахсларига нисбатан тергов ҳаракатлари бошлаганди. Жиноят иши доирасида 1 нафар шахсга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: