11:15 | 06.12.23

                       

«Вор в законе» Бахти Ташкентский 15 суткага қамалди

Бахтиёр Қудратуллаев орган ходимларининг ИИБ биносига бориб шахсига аниқлик киритиш ҳақидаги қонуний талабини бажармаган.

Тошкент шаҳар суди матбуот котибининг Bugun.uz мухбирига маълумот беришича, Бахтиёр Қудратуллаев 2023 йилнинг 28 ноябр куни соат 21:45 ларда жамоат жойида ИИО ходимларига нисбатан бақир-чақир қилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузган. Шунингдек, у орган ходимларининг ИИБ биносига бориб шахсига аниқлик киритиш ҳақидаги қонуний талабини бажармаган.

Қудратуллаев суд мажлисида, айбига иқрорлик билдирмай, уйида бўлганида уни хонадонидан олиб кетишганини билдириб, суддан ишни одилона кўриб чиқишни сўраган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман суди Бахтиёр Қудратуллаевни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисми билан айбли деб топиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Маълумот учун, Тошкент шаҳар ИИББ «Бахти Ташкентский» қўлга олиниб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик) билан қўзғатилган жиноят иши тергов қилинаётганини хабар қилганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда «криминал авторитет» Бахти Ташкентский ҳамда 200 га яқин жиноятчилар қўлга олинганди. Кейин эса унинг қўлга олингани бўйича расмий маълумот берилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: