9:59 | 07.08.21

                       

ХДП президентлик сайловида илгари сурган номзодини маълум қилди

Партиянинг навбатдаги пленуми ўтказилди

Тошкент шаҳрида 7 август, шанба куни Халқ демократик партиясининг навбатдаги пленуми ўтказилди. Унда партия президентлик сайлови учун ўз номзодини эълон қилди, дея хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: ХДП матбуот хизмати

Қайд этилишича, сайловда ХДП томонидан Мақсуда Ворисова номзод сифатида қатнашади. Партия Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов партия электорати, тарафдор ва фаоллари томонидан тавсия этилган Ворисова Мақсуда Азизовнани партиянинг қурултойида кўриб чиқиш учун номзод сифатида кўрсатилганини эълон қилди.

Пленумда партиянинг навбатдаги қурултойини чақириш ва унинг кун тартиби, партия қурултойига вакиллик меъёри ва уларни сайлаш тартиби тўғрисидаги масалалар муҳокама марказига қўйилди. Шу билан бирга, партия сиёсий кенгашининг пленумида сайловда иштирок этиши тўғрисида қарори қабул қилинди. 

Маълумот учун, 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган президентлик сайлови учун бунга қадар 5 та партиядан 3 таси ўз номзодини маълум қилди. Хусусан, Экологик партия томонидан партия Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Нарзулла Обломуродов номзод сифатида қатнашса, «Адолат» социал демократик партиясидан эса кенгаш раиси Баҳром Абдуҳалимов иштирок этади. Шунингдек, «Миллий тикланиш» партияси сайловда Aлишер Қодиров номзодини илгари сурди.

Бундан ташқари, тез орада Либерал-демокартик партияси номзодини эълон қилиши кутилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: