23:47 | 25.09.23

                       

Ўзбекистон энергетик барқарорлигига асосий тўсиқ қайсилиги маълум қилинди

Энергетика вазирлиги тармоқдаги узилишларнинг асосий сабабини очиқлади.

Энергетика вазирлиги Ўзбекистон энергетик барқарорлигига асосий тўсиқ нима эканини очиқлади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, республикада мавжуд энергетик инфратузилманинг катта қисми жисмонан ва маънан эскирган. Ҳозирги кунда мамлакатдаги жами 86 минг 155,5 километр масофадаги 10 киловолт кучланишли электр узатиш тармоқларининг қарийб 40 фоизи, яъни 34 минг километрли қисми оз эмас, кўп эмас, 40 йилдан ортиқ вақт мобайнида ишлатилмоқда.

Шунингдек, унинг 27 минг 158 километрлик қисми, яъни 31,5 фоизи 25 йилдан 40 йилгача бўлган муддат оралиғида ишлатиб келиняпти. 13 минг 390 километрлик қисми, бошқача айтганда, 15,5 фоизининг тортилганига 10 йилдан 25 йилгача бўлган.

Бор-йўғи, 13,5 фоизининг, яъни 11 минг 593 километр масофадаги электр тармоқларининг тортилганига 10 йилдан кам муддат бўлди. Шунингдек, 6 киловолт кучланишли электр узатиш тармоқларининг умумий масофаси 14 минг 106 километр бўлиб, унинг 5 минг 795 километри, яъни 41 фоиздан зиёди 40 йилдан ортиқ ишлатилмоқда.

Мазкур кабелларнинг 4 минг 205 километр, яъни қарийб 30 фоиз қисми 25 йилдан 40 йилгача бўлган муддат оралиғида, 2 минг 186 километр, яъни 15,5 фоизлик қисми эса 10 йилдан 25 йилгача бўлган муддатдан бери ишлатиб келиняпти.
Унинг атиги 1 минг 919 километр қисми эса 10 йилдан кам муддат ишлаган. Бу улуш 13 фоиздан сал зиёдроқни ташкил қилади.

Бу рақамлар 0,4 киловолт кучланишга мўлжалланган 138 минг 369 километр электр узатиш тармоқларида ҳам деярли худди шундай. Яъни унинг 36,3 фоизини ташкил қилувчи 50 минг 177 километр масофадаги электр кабеллар 40 йилдан ортиқ муддат мобайнида хизмат қилиб келаётгани учун маънан ва жисмонан эскирган.

39 минг километрлик қисми 25 йилдан 40 йилгача бўлган вақт давомида, 21 минг 172 километр қисми эса 10 йилдан 25 йилгача бўлган муддат мобайнида ишлаб келмоқда. Фақат 28 минг километрлик, яъни 20 фоиздан бироз кўпроқ қисми 10 йилдан кам муддат ишлаган холос.

Айни пайтда жисмонан ва маънан эскирган мазкур электр тармоқларини янгилаш, тизимни модернизация қилиш ва ривожлантириш учун яқин 5 йил ичида 3,7 миллиард АҚШ доллари керак. Шу билан бир қаторда, мавжуд 94 мингта трансформаторнинг 33 мингтаси таъмирга муҳтож. Биргина шунинг ўзи учун қўшимча 380 миллион АҚШ доллари зарур бўлади.

Магистрал газ қувурларига келсак, уларнинг ҳам 63 фоизи 30 йилдан кўпроқ, 29 фоизи эса 13-30 йилдан бери узлуксиз фойдаланиб келинмоқда. Мавжуд қувурларнинг атиги 8 фоизигина 12 йилдан камроқ вақт ишлатилган ва қониқарли ҳолатда. Қувурларнинг маънан ва жисмонан эскириши оқибатида мамлакатнинг газ етказиб бериш инфратузилмаси ҳам ўз лойиҳа қувватининг атиги 35-38 фоиз даражасида ишламоқда.

Мавжуд энергия ресурсларини истеъмолчиларга етказиб бериш жараёнининг ўзида катта йўқотишларга йўл қўйилмоқда. Бунинг асосий сабаби эса инфратузилманинг эскириб кетганлигига бориб тақалади. Давлат томонидан йиллар давомида соҳани буджет ҳисобидан субсидиялаш, янги қўшилган истеъмолчилар эҳтиёжларини қондириш каби ишлар учун кўп маблағ сарфлаб борилгани боис, инфратузилмани янгилаш ишлари анча орқада қолган.

Шу сабабли, келгуси 5 йилликнинг ўзида бир неча миллиард доллар маблағ айнан эскирган воситаларни янгилаш учун ажратилиши зарурати юзага келган. Бугунги мураккаб шароитда эскирган инфратузилмани модернизациялаш орқали йўқотилаётган ресурсларни истеъмолчиларга йўналтириш эса энергетикадаги узилишларга барҳам беради.

Шунинг учун ҳам аҳоли, айниқса, яқин 5 йил давомида ва кейинчалик ҳам энергия ресурсларидан самарали, оқилона фойдаланишга, шахсий сарф-харажатларини кузатиб боришга, тежамкорликка ўрганиши керак. Ана шунда истеъмол маданияти шаклланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Энергетика вазирлиги тизим нима учун зарар билан ишлаётганини очиқлаган эди. Шунингдек, вазирлик электр таъминотидаги узилишларнинг асосий сабаби нима эканини ҳам маълум қилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: