16:00 | 09.10.23

                       

Ўзбекистон ТИВ Исроил-Фаластин можароси юзасидан баёнот берди

Вазирлик вазиятнинг кескинлашувидан жиддий хавотир билдирган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил-Фаластин можароси юзасидан расмий баёнот берди.

Фото: Муҳаммад Сабер

Унга кўра, вазирлик можаро ҳудудида тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонларга олиб келган ва бутун Яқин Шарқдаги вазиятни сезиларли даражада мураккаблаштирган ҳолат кескинлашганидан жиддий хавотир билдирган. Шунингдек, инқирозни сиёсий ва дипломатик воситалар билан ҳал қилишга чақирилган.

«Биз курашаётган томонларни қуролли қарама-қаршиликни тез фурсатларда тугатиш ва инқирозни сиёсий ҳамда дипломатик воситалар орқали ҳал қилиш учун барча чораларни кўришга чақирамиз. Сўнгги воқеалар муносабати билан ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз ва барча жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз», дейилади хабарда.

Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси эса ушбу мамлакатдан Ўзбекистонга амалга ошириладиган авиарейслар бекор қилинмаганини маълум қилган. Аммо кетиш истагидаги фуқаролар бемалол авиачипта олиб учишлари мумкинлиги билдирилган.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларидан яқинлари, дўстлари ёки танишлари йўқолгани, яралангани ва бошқа маълумотлар ҳақида элчихона консуллик бўлимини ўз вақтида хабардор қилиш сўралган.

Маълумот учун, уч кундан буён ҲАМАСнинг Исроил шаҳарларига ҳужуми давом этмоқда. Ўз навбатида, Исроил ҳам Ғазони тўлиқ блокада қилиш, ушбу ҳудудни барча таъминот воситаларидан узиб қўйишини эълон қилди ҳамда сектордаги бир қанча ҳудудларга зарбалар берди. Исроилда ҳозирга қадар ҲАМАС ҳужуми оқибатида камида 600 киши ҳалок бўлиб, 2 мингдан ортиқ одам яраланган. Бундан ташқари, 750 киши бедарак йўқолган, 100 дан ортиқ киши ўғирлаб кетилган. Ғазо сектори ҳудудида ҳам кўплаб қурбонлар борлиги айтилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: