13:24 | 09.11.23
2022 йилда бу кўрсаткич 5 млрд долларга етган.
Президент Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган Қозоғистон бош вазири Алихон Смаиловни қабул қилди. Смаилов Қозоғистон раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг самимий қутловини етказган ва бугунги кунда икки давлат ўртасидаги муносабатлар ишонч ва ўзаро англашувга асосланган стратегик шерикликнинг ёрқин намунаси эканини таъкидлаган.
У, шунингдек, Ўзбекистон Қозоғистоннинг энг йирик савдо ҳамкорларидан бири эканини эътироф этган. Смаиловнинг сўзларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси Марказий Осиёдаги умумий савдо ҳажмининг қарийб 70 фоизига тўғри келади. 2022 йилда бу кўрсаткич 30 фоизга ошиб, 5 миллиард долларга етган. Бундан ташқари, у ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш бўйича ишлар давом этаётганини ҳам маълум қилган.
Ўз навбатида, Шавкат Мирзиёев икки давлат ўртасидаги стратегик келишувлар тизимли ҳаётга татбиқ этилаётганини таъкидлаган. Бу савдо, транспорт ва сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликка ҳам тегишли экани айтилган.
«Бизнинг барча масалаларимиз олдинга силжийди. Менимча, ҳал қилинмаган бирорта ҳам муаммо йўқ. Савдо соҳасида Қозоғистон Президенти билан келишилган лойиҳалар янги марраларни забт этишимизга ёрдам беради», – дейди Президент.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тожикистон ва Эрон раҳбарларини қабул қилган эди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: