10:30 | 13.11.23
Ушбу ҳолатларнинг энг кўпи – Самарқанд, Фарғона ва Андижон вилоятларига тўғри келган.
Сўнгги 10 кунда айрим истеъмолчиларнинг электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланишлари натижасида давлат манфаатларига 14 миллиард 898 миллион сўмлик зарар етказган. Бу ҳақда «Ўзэнергоинспекция» матбуот хизмати хабар берди.
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция», Бош прокуратура, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, электр ҳамда газ таъминоти корхоналари мутахассислари билан ҳамкорликда ноябр ойида назорат тадбирлари ўтказилган.
Натижада 1 минг 185 та ҳолатда истеъмолчиларнинг табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Қайд этилишича, 11 миллиард 338 миллион сўмлик электр энергияси ва 3 миллиард 560 миллион сўмлик табиий газ талон-торож қилиниши натижасида давлат манфаатларига келтирилган жами 14 миллиард 898 миллион сўмлик зарар ундирилиши белгиланган.
Ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи — Самарқанд, Фарғона ва Андижон вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.
Ҳозирда қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Наманганда МЧЖ ходимлари умумий қиймати 826,2 млн сўмлик электр энергиясини ўзбошимчалик билан ишлатиб келишгани аниқланганди.