18:10 | 15.12.23

                       

Ўзбекистонда 16-17 декабр кунлари айрим ҳудудларда қор, ёмғир ёғади

«Ўзгидромет» дам олиш кунлари учун об-ҳаво прогнозларини эълон қилди.

Ҳафтанинг биринчи ярмида қор ва совуқ об-ҳаво олиб келган совуқ антициклон Ўзбекистон ҳудудидан тез чекинмоқда. 16 декабр куни жанубий ҳудудлардан нам ҳаво массаси республиканинг марказий ҳудудларига тарқалади. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ёмғир ва қор кўринишида бироз ёғингарчилик бўлади. Кундузги ҳаво ҳарорати 0…+5 даража илиққача пасаяди.

Тоғли ҳудудларда асосан қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлади. 17 декабр, якшанба куни республиканинг барча ҳудудлари бўйича ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Кечаси ҳарорат 0…-5 даража совуқ, шимолда -5…-10 даража совуқ, кундузи +2…+7 даража илиқ бўлади.

Республика бўйича баъзи жойларга туман тушади. Айрим жойларда шамол 15-20 м/с гача кучайиши мумкин.

Тошкент шаҳрида 15 декабр ва 17 декабр куни ёғингарчилик кутилмайди. 16 декабр куни вақти-вақти билан бироз қор, ёмғир ёғади. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин.

Ҳарорат 16-17 декабрда кечаси -3 даража совуқ ҳамда +2 даража илиқ, кундузи 16 декабрда 0…+2 даража илиқ, 17 декабрда +3…+5 даража илиқ бўлади.

Аввалроқ, Янги йил байрамида айрим жойларда қор ёғиши ҳақда хабар берилганди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда аҳоли Янги йил арафасида неча кун дам олиши мумкинлиги ҳақида маълумот берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: