16:28 | 07.12.23

                       

Ўзбекистонда барча агрегаторлар ва такси хизматлари фискаллаштирилади

Даромад тўғрисидаги маълумотлар кейинчалик ипотека, истеъмол кредитлари ва товарларни бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятларини беради.

2023 йилнинг 1 декабридан бошлаб Ўзбекистонда Yandex Go хизмати ўз фаолиятини маҳаллийлаштириб, солиқ резидентига айланиши орқали ҳар бир ташиш хизмати учун фискал чек шакллантириш имконияти яратилганди.

Бироқ, бир масалалар ўз ечимини топмасдан қолмоқда. Жумладан, такси хизмати (Yandex Go ва бошқалар) учун нақд пул орқали тўлов қилинганда чек берилиши ҳамда қолган агрегаторларда, хусусан My Taxi, Uklon сингариларда фискал белгиларни шакллантириш ҳалигача йўлга қўйилмаган. Солиқ қўмитасига кўра, ушбу агрегаторлар билан техник интеграциялаш ишлари якунланган ва яқин кунларда йўловчилар ушбу хизматлардан фойдаланганда фискал чекларни олишни бошлаши кутилмоқда. Шу билан бирга, республиканинг барча ҳудудларида агрегаторлар ва такси хизматларини фискаллаштириш мақсад қилинган.

Такси фаолиятидан расмий даромад шакллантириш имкониятининг пайдо бўлганлиги ўзини ўзи банд қилган шахслар учун алоҳида бир қатор афзалликларни келтириб чиқаради. Жумладан, даромад тўғрисидаги маълумотлар кейинчалик уларга бошқа иқтисодий ҳаракатларда (ипотека, истеъмол кредитлари, товарларни бўлиб-бўлиб тўлаш ва ҳоказо) имкониятларини кенгайтиради.  Бу ўз навбатида аҳолининг иқтисодий фаоллиги ошишига хизмат қилади.

«Шу билан бирга йўловчи ташиш бозорида, турли баҳолашларга асосан 500 мингдан 1 миллион нафаргача фуқаро тўлиқ ёки қисман бандлигини, шунингдек, таксиларнинг кундалик логистика ва ҳаракатланишдаги аҳамияти катта эканини ҳисобга олиб, мазкур соҳадаги муносабатларни автоматлаштириш ва фискаллаштириш жараёнини босқичма-босқич ва эҳтиёткорлик билан амалга ошириш зарур деб ҳисоблаймиз» дейилган хабарда.

Маълумот учун, бугунги кунга қадар шакллантирилган 13,5 миллиард сўмлик 800 минг 483 та чекларнинг 13,4 миллиард сўмлик 791 минг 100 таси 232 та юридик шахслар  (Yandex Go ҳамкорлари ва такси компаниялари), 163,9 миллион сўмлик 9 383 таси эса 1 821 нафар ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳиссасига тўғри келади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: