15:42 | 05.09.23
Шунингдек, диний мансублигига қараб бир тоифа фуқароларни бошқа тоифа фуқаролардан устунлиги ёки нуқсонли эканини тарғиб қилиш ҳам жавобгарликка тортилиш учун асос бўлиши мумкин.
Ўзбекистонда никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасида келтирилган.
Қонун билан, миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб бир тоифа фуқароларни бошқа тоифа фуқаролардан устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилганлик, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.
Келтирилишича, амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамай, сўнгги пайтларда республикада фақатгина диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳлар сони ва бунинг ортидан кўп хотинлик ҳолатлари ортиб бормоқда.
Шунингдек, кўнгилочар ва реклама материаллари орқали кўпхотинликнинг тарғиб қилиниши оқибатида қонуний никоҳсиз туғилган болалар сони ҳам ошган. Хусусан, 2022 йилда республика бўйича 18 955 та ҳолатда туғилган чақалоқлар ёлғиз она аризаси асосида қайд этилган. 2021 йилда ушбу кўрсаткич 19 037 тани, 2020 йилда 16 564 тани ташкил қилган.
Никоҳ белгиланган тартибда ФҲДЁ органларида қайд этилмагани оталикни белгилаш, алимент тайинлаш, мерос масалаларига оид турли хил муаммоларни келтириб чиқариб, натижада фуқароларда, айниқса аёлларда давлатнинг ҳуқуқий сиёсатига нисбатан бўлган ишончи йўқолишига сабаб бўлаётгани таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, янги қонун лойиҳаси бўйича кўпхотинликни тарғиб қилганлик учун ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Шунингдек, жамоат жойларида шахсни идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзни ёпиб юрганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: