12:32 | 05.01.24

                       

Ўзбекистонда поезд чипталари нархи яна қимматлашади

20 январдан бошлаб тезюрар поездларнинг чипталари нархи ошмоқда.

20 январдан бошлаб «Афросиёб» электропоездлари, «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» тезюрар поездларининг чипталари нархи 20% га ошмоқда. Бу ҳақда «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ хабар берди.

Маълум қилинишича, чипталар нархи темир йўл инфратузилмасини ислоҳ қилиш, электр энергияси – ёқилғи, логистика ва транспорт харажатларини қоплаш, шунингдек, йўловчи вагонлари паркини янгилаш, янги юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларни харид қилиш, темир йўл вокзалларини давр талабларига мувофиқ сақлаш мақсадида 20 фоизга кўтарилади.

«Афросиёб» юқори тезликдаги электр поездларига чипталар нархи:

  • Тошкент-Бухоро-Тошкент – VIP 636 000 сўм, бизнес 462 000 сўм, эконом 336 000 сўм;
  • Тошкент-Қарши-Тошкент – VIP 534 000 сўм, бизнес 390 000 сўм, эконом 282 000 сўм;
  • Тошкент-Самарқанд-Тошкент – VIP 396 000 сўм, бизнес 276 000 сўм, эконом 204 000 сўм этиб белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 20 октябридан бошлаб маҳаллий йўналишлардаги йўловчи поездлари чипта нархларининг тариф қисми 50 фоизга, юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездлари чипталари нархи 100 фоизга оширилган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда 2024 йилдан тезюрар поездлар чипталари нархини давлат белгиламаслиги хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: