12:16 | 27.12.23

                       

Ўзбекистонда таҳдид ва тажовузларга жавоб бериш учун 6 млндан зиёд ҳарбий лаёқатли фуқаролар бор – Бекмуродов

«Юксалиш» ҳаракати раиси Ўзбекистон тажовузларга жавоб бериш салоҳиятига эга қудратли давлат эканини билдирди.

«Юксалиш» ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов Ўзбекистонда ҳарбий лаёқатли фуқаролар 6 млндан зиёдни ташкил қилиши ҳақида ўз Telegram саҳифасида ёзиб қолдирди.

Фото: Бобур Бекмуродовнинг Telegram саҳифасидан

Депутат Ўзбекистон тинчликсевар ва қудратли мамлакат эканини, зиддият учун 100 та сабаб бўлса ҳам, тинчликни сақлаш учун битта сабабни излайдиган миллат эканини билдириб ўтган.

«Айни пайтда, биз таҳдид ва тажовузларга жавоб бериш салоҳиятига эга қудратли мамлакатмиз. Бугун биз МДҲ мамлакатлари орасида 3-қудратли армияга эгамиз. Доимий Ватан ҳимоясида турувчи, юксак жанговар руҳга эга 50 мингдан зиёд ҳарбийларимиз бор. Жанговар руҳ ва профессонализмни ҳарбийларимиз халқаро мусобақаларда доимий кўрсатиб келмоқда. Сўнгги бир неча йилда Армиямизнинг ҳаво ҳимояси ва ҳужумини таъминловчи салоҳияти, воситалари ва инфраструктураси кучайтирилди», дейди депутат.

Фото: Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги

У, шунингдек, Wikipedia маълумотлари асосида Ўзбекистондаги ҳарбий лаёқатли фуқаролар сонини ҳам келтириб ўтган.

«Тасаввур қилинг, ҳар йили 300 минг нафар ҳарбий хизматга лаёқатли кишилар жамиятга қўшилади. Мамлакатимизда ҳарбий лаёқатли фуқаролар 6 млндан зиёдни ташкил қилади. Энг асосийси, ишонч билан айта оламанки, ички ва ташқи масалаларга қарашларимиздан қатъий назар, Ватан ҳимояси учун бирлаша оладиган мардонавор халқмиз», деб ёзиб қолдирган Бекмуродов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Юксалиш» ҳаракати раиси Заҳар Прелепиннинг Ўзбекистонни босиб олиш таҳдидига жавоб қайтарган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: