14:39 | 06.01.24

                       

Ўзбекистонда Tax Free тизимини йўлга қўйган аэропортлар тўққизтага етди

Бу тизим айрим турдаги товарларни харид қилишда тўланган ҚҚС суммаларини қайтаришни назарда тутади.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан жорий этилган Tax Free хизмати 2024 йилнинг бошида Навоий, Қарши, Нукус ва Термиз аэропортларида ўз фаолиятини бошлади.

Фото: Uzbekistan Airports

Ушбу тизим хорижий фуқароларга Ўзбекистонда чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлардан айрим турдаги товарларни харид қилишда тўланган ҚҚС суммаларини қайтаришни назарда тутади. Кешбек тўлови амалга ошириладиган товарлар рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 ноябрдаги қарорида белгиланган. Булар қаторига сувенирлар, ёнғоқлар, мевалар ва қуритилган мевалар, чарм ва мўйнали маҳсулотлар, гиламлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқалар киради.

Фото: Uzbekistan Airports

ҚҚС тўловини қайтариш учун Soliq мобил иловасида рўйхатдан ўтиш ва амалга оширилган харидлар чекини сканердан ўтказиш керак. Аэропортдан жўнаб кетаётганда, йўловчи рейсга рўйхатдан ўтиши керак, сўнгра бортга чиқиш талонини ва товарларнинг ўзини кўрсатган ҳолда, у Tax Free хизматига мурожаат қилиши лозим. Тизимда рўйхатдан ўтган товарларни қўл юки сифатида қолдириш ёки уни рейсга рўйхатдан ўтиш пештахтасига қайтариб, багаж сифатида олиб ўтиш мумкин.

Фото: Uzbekistan Airports

Tax Free хизматидан фойдаланиш учун товарларнинг умумий харид суммаси камида бир миллион сўм бўлиши керак. Бундан ташқари, маҳсулот очилмаслиги ёки ишлатилмаслиги лозим. Солиқ қўмитаси ходимлари маҳсулотнинг барча мезонларга жавоб беришини текширгандан сўнг, кешбек расмийлаштиради. Турли тоифадаги товарлар учун йўловчи ҚҚС суммасининг 90 фоизигача қайтариши мумкин. Кешбек йўловчининг картасига расмийлаштирилади ва тўловни қайтариш рўйхатга олинган ойдан кейинги ойнинг 25-санасидан сўнг амалга оширилади.

Маълумот учун, ушбу тизим Ўзбекистоннинг тўққизта — Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Урганч, Навоий, Қарши, Нукус ва Термиз халқаро аэропортларида жорий этилган.

Аввалроқ, 2023 йил 1 январдан бошлаб Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Урганч аэропортларида Давлат солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилган Tax Free хизмати шохобчалари иш бошлагани ҳақда хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: