12:43 | 19.12.23
Транспорт вазирлигига бу бўйича қўшимча вазифалар юклатилган.
Самарқанд ва Хоразм вилоятларида трамвай ҳамда троллейбусда йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати янада яхшиланади, йўловчиларни ташишда замонавий ахборот технологиялари жорий этилади. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамаси тегишли қарорни қабул қилди, деб ёзмоқда УзА.
2024 йил 1 январдан бошлаб трамвай ҳамда троллейбусда йўловчи ташиш учун йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилади.
Самарқанд ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари Транспорт вазирлиги билан биргаликда 2024 йил 1 июнга қадар йўловчилар учун қулай электрон тўловларни оммалаштириш мақсадида трамвай ва троллейбус транспортида электрон тўлов тизимдан фойдаланишни рағбатлантирувчи тарифларни халқ депутатлари Кенгаши муҳокамасидан ўтказиб, жорий этилишини таъминлайди.
Транспорт вазирлигига электр транспортни ривожлантириш бўйича қуйидаги қўшимча вазифалар юкланади:
Транспорт вазирлиги бир ой муддатда вазирлик марказий аппаратида белгиланган штат бирлиги доирасида трамвай ва троллейбус транспортини ўз ичига олган бўлинма ташкил этади. Шунингдек, вазирлик ТДТУ билан биргаликда уч ой муддатда трамвай ва троллейбус транспортига техник хизмат кўрсатиш ва уларни жорий таъмирлаш бўйича малакали кадрлар ҳамда трамвай ва троллейбус ҳайдовчиларини тайёрлаш бўйича ўқув дастурлари ишлаб чиқади ва ходимлар малакасини ошириш курсларини ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида йил бошидан бери автобуслар билан содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари 100 га яқин содир бўлгани очиқланиб, тегишли ташкилотлар масъуллари иштирокида муҳокама қилинганди.