17:09 | 08.01.24

                       

Ўзбекистонда умра зиёрати учун нархлар арзонлашди

10 январдан бошлаб Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Ҳаж ва Умра» марказида умра хизматлари нархи бир киши учун 16 миллион 600 минг сўм этиб белгиланди.

Ўзбекистон делегациясининг Саудия Арабистонидаги бир қатор мутасадди идоралар раҳбарлари билан музокаралари натижасида умра хизматлари нархини янада арзонлаштиришга эришилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси.

Билдирилишича, ҳаж ва умра хизматлари сифатини янада яхшилаш, нархларини арзонлаштириш, зиёратчилар учун бир қатор қулайликлар яратиш мақсадида музокаралар ўтказилган.

Унга кўра, 2024 йил 10 январдан бошлаб Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Ҳаж ва Умра» марказида умра хизматлари нархи бир киши учун 16 миллион 600 минг сўм этиб белгиланди.

«Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитаси томонидан ташкил этилган умра хизматлари ҳар жиҳатдан қулай, арзон ва хавфсиздир. Энг асосийси, тўғридан-тўғри рейслар, туну кун шифокорлар хизмати, уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланган ҳамда энг малакали имом-хатиблардан иборат элликбошилар жалб этилган», дейилади идора хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда Умра хизматларини кўрсатувчи 6 та фирма фаолияти вақтинча тўхтатилгани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: