11:25 | 01.12.23

                       

Ўзбекистонликларни АҚШга юбормоқчи бўлган бир нечта шахс қўлга олинди — видео

Мексика орқали Америкага жўнатиш учун фуқаролардан 10 мингдан 25 минг долларгача пул талаб қилинган.

Самарқанд ҳамда Фарғона вилоятларида фуқароларни АҚШга жўнатмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Хабар қилинишича, ДХХ томонидан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказилган. Тадбир давомида Самарқанд шаҳрида яшовчи шахс маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, уни Мексика давлати орқали АҚШга юборишни ваъда қилиб, 25 минг АҚШ доллари талаб қилгани аниқланган. Мазкур шахс ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига олдиндан 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Шунингдек, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида яшовчи шахс Каттақўрғон туманида истиқомат қилувчи таниши билан келишган ҳолда, маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, уни Туркия-Арманистон-Никарагуа-Мексика йўналиши орқали Қўшма Штатларга юборишни ваъда қилган. Улар ушбу хизмати эвазига 23 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 12 минг АҚШ доллари олган вақтларида қўлга олинган.

Фарғонада ўтказилган тезкор тадбирда, Андижон туманида яшовчи шахс Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқарони Америкага юборишни ваъда қилиб, эвазига 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ-Мексика чегараси орқали АҚШга ноқонуний кираётган ўзбекистонликлар мамлакатдан депорт қилиниши хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: