21:43 | 08.01.24

                       

Ўзбекистоннинг бешта шаҳар ва туманида кўп қаватли уйлар олдидаги чиқиндихоналарда чиқиндилар сотиб олинади

2024 йилнинг 1 июлига қадар фуқароларга махсус чиқинди пакетлари берилади.

Тошкент, Ангрен, Андижон, Бухоро ва Термиз шаҳарларида ҳамда Тошкент туманидаги кўп қаватли уйлар жойлашган ҳудудлардаги чиқинди йиғиш майдонларида «қайта ишланадиган» тоифага мансуб чиқинди турлари сотиб олиш йўли билан қабул қилинади. Ушбу тартиб «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармонида белгилаб қўйилган.

Унга кўра, қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаш тизимини босқичма-босқич ташкил этиш учун 2024 -2026 йилларда Бухоро, Андижон, Тошкент, Ангрен, Термиз шаҳарларида ҳамда Тошкент туманидаги кўп қаватли уйлар жойлашган ҳудудлардаги чиқинди йиғиш майдончаларида чиқиндиларни «қайта ишланадиган», «қайта ишланмайдиган» ва «озиқ-овқат» тоифаларига ажратган ҳолда йиғиш ташкил этилади.

Бунинг учун, 2024 йилнинг 1 июл кунигача ушбу ҳудудларда хизмат кўрсатувчи санитар тозалаш корхоналари томонидан чиқиндиларни тоифаларига ажратган ҳолда тўплаши учун қуйидаги турдаги махсус (QR-код — матрицали штрих кодли) чиқинди пакетлари билан фуқаролар бепул таъминланади:

  • қайта ишланадиган маиший чиқиндилар учун — шаффоф, рангсиз;
    қайта ишланмайдиган маиший чиқиндилар учун — қора ранг;
    озиқ-овқат чиқиндилари учун — жигарранг.

Қайта ишланадиган қаттиқ маиший чиқиндилар чиқинди йиғиш майдончаларида санитар тозалаш корхоналари томонидан сотиб олинади.

Кўп қаватли уйлар жойлашган ҳудудларда чиқинди йиғиш майдонларида сотиб олиш йўли билан қабул қилинадиган «қайта ишланадиган» тоифага мансуб чиқинди турлари:

  • пластик чиқиндиларнинг барча турлари;
    қоғоз чиқиндилар, макулатура;
    қора ва рангли металл чиқиндилари ва ломлари;
    ишлатилган шиша маҳсулотлари ва чиқиндилари;
    тўқимачилик материаллари чиқиндилари;
    резина ва резина техника маҳсулотлари чиқиндилари.

Маълумот учун, лойиҳанинг амалга оширилиши вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва ҳокимликлар томонидан назорат қилинади ҳамда чиқинди йиғиш майдонларини пакетлар билан таъминлаш учун Экология жамғармасидан 30 миллиард сўмгача бўлган маблағ ажратилади.

Аввалроқ, Ўзбекистонда чиқинди хизматларидан қарздорлар электр учун пул тўлолмаслиги ҳақда хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: