13:19 | 23.11.23

                       

Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Полша ташқи ишлар вазирига ишонч ёрлиқларининг нусхаларини топширди

Учрашувда 2024 йилнинг феврал ойидан «Варшава–Тошкент–Варшава» йўналиши бўйича мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилишининг афзалликлари муҳокама қилинган.

Dunyo ахборот агентлиги хабар беришича, Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев Полша ташқи ишлар вазири Збигнев Рауга ишонч ёрлиқларининг нусхаларини топширган.

Фото: Dunyo ахборот агентлиги

Учрашув давомида Полша ташқи ишлар вазири 2022-йил июн ойида Тошкент ва Самарқандга ташрифини ва Президент Шавкат Мирзиёев билан музокараларни самимият билан ёдга олган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Полша ҳамкорлиги, айниқса, савдо-иқтисодий соҳада сезиларли даражада мустаҳкамланиб, янги ва амалий мазмун билан тўлдирилгани алоҳида қайд этилган. Полша ишбилармон доираларининг ўзбекистонлик шериклар билан алоқаларни ривожлантиришга қизиқиши ортиб бораётгани айтилган.

Полша Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари тўқимачилик саноатидаги ҳамкорлик истиқболларини юқори баҳолар экан, Ўзбекистондан Полшага ярим тайёр ва тайёр енгил саноат маҳсулотлари экспортини ҳар томонлама рағбатлантиришга тайёр эканлигини маълум қилган.

Полша ва Ўзбекистон яқин маданий-гуманитар алоқаларга эга эканлиги, 2024-йил февралидан «Варшава–Тошкент–Варшава» йўналиши бўйича мунтазам тўғридан-тўғри ҳаво қатновларининг йўлга қўйилиши полшалик сайёҳлар сонининг кўпайишига ва ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланган.

38 ёшли элчи Тошкент Давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаган. Бунга қадар Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик ва юридик бўлимида ишлаган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги консули, 2020-йилдан Бош консуллик раҳбари бўлган. Амирсаид Аъзамхўжаев 2015-йилдан муваққат ишлар вакили, 2019-йил май ойидан бошлаб Ўзбекистоннинг фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида Варшавадаги дипломатик миссия раҳбари бўлиб ишлаган Баҳром Бобоев ўрнига тайинланган.

Аввалроқ, Амирсаид Аъзамхўжаев 2019 йилдан фавқулодда ва мухтор элчи вазифасида ишлаган Баҳром Бобоев ўрнига Ўзбекистоннинг Полшадаги янги элчиси этиб тайинлангани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: