21:06 | 26.12.23

                       

«Жанжал ит менга ташланганда, уни тепиб юборишим билан бошланди» — Ғолиб Раҳматов

Bugun.uz мухбири Тошкентда ўсмир йигитнинг умуртқасини синдиришда айбланаётган эркак билан суҳбат тафсилотларини маълум қилди.

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида 18 ёшли Дима Сатторов исмли йигитнинг инглиз кокер-спаниел зотли ити фуқаролардан бирига ташлангани ортидан ўсмир йигит калтакланиб, унинг умуртқаси синди. Bugun.uz мухбири Сатторов билан муштлашиб, унинг умуртқасини синдиришда айбланаётган Ғолиб Раҳматов билан суҳбат қурди.

Фото:«Bugun.uz»

Раҳматовга кўра, ўсмир йигитнинг ити маҳаллада назоратсиз қолдирилган ва унинг ўғлини қувлаган. Эркак айнан шундан сўнг, жанжал бошланганини маълум қилди. У йигитга итини назоратга олиши бўйича танбеҳ берган. Аммо, телефонда суҳбатга берилиб кетган ўсмир Раҳматовнинг гапларига қўл силтаб қўйган. Сатторовнинг зотдор ити эркакка ташланганда, у итни тепиб юборган ва шундан сўнг жанжал бошланган.

«Ит мен томонга сакраб, эҳтимол мени тишламоқчи бўлган. Лекин мен уни тепвордим. Шундан кейин кутилмаганда юзимга кучли зарба келди. Дима мени боғич дастаси билан урган бўлиши мумкин. Очиғи зарба кучли бўлгани учун, мени нима билан урганини билмай қолдим», – дейди Ғолиб Раҳматов.

Эркак Bugun.uz мухбирига муштлашувда кўп қон йўқотганини, жанжал бўлган жойдаги қонлар, жумладан, Дима Саттаровга сачраган қон ҳам ўзининг қони эканлигини таъкидлаган.

«Мен уни ерга ётқизиб, ундан: «Давом этамизми ёки етарлими?» деб сўрадим, Дима «тўхтанг» деб жавоб берди. Мен уни қўйиб юбориб, ўрнимдан турдим. Дмитрий ўтириб, менга умуртқам синди деб айтди. Атрофдаги одамлар бизни ажратишга улгурмасди, чунки улар биздан 20 метр нарида эди. Одамлар етиб келгунча биз муштлашиб бўлгандик. Биздан 20 метр нарида турган ўғлимни ёнимга чақирганимда, у мени кўриб жуда қўрқиб кетди. Чунки менинг юзим қон бўлиб ётганди. Бола оқариб кетганди, «Дада, уйга кетайлик, уйга кетайлик» деб йиғларди», — дейди эркак.

Эркакнинг қўшимча қилишича, жанжал содир бўлган куннинг ўзидаёқ у касалхонага борган ва бир нечта укол олган.

Фото:«Bugun.uz»

Текширувдан ўтганида, бурни сингани, фалаж ҳолатидалиги ва юз қисмида тўрт сантиметрлик кесик борлиги аниқланган ҳамда ҳолат юзасидан ариза ёзган.

«Мен унинг умуртқасини синдиришни режа қилмаганман. Дам олиш кунини оилам даврасида ўтказишни хоҳлагандим. 4 кундан кейин ўғлимни туғилган куни бўлиши керак эди. Биз уни нишонламадик. Мен бўлиб ўтган воқеалардан жуда хавотирдаман ва ҳаммаси тезроқ тугашини кутяпман. Ҳамма Дмитрийнинг шифохонадан чиқиб, экспертизадан ўтишини кутаяпти. Умид қиламанки, бу муаммо ҳал қилинади, чунки мен тунлари ҳам ухлай олмаяпман», — дейди Раҳматов.

Аввалроқ, Тошкентда эркак кокер-спаниел зотли ит сабаб ўсмир йигитни калтаклаб, умуртқасини синдиргани ҳақда хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: