12:20 | 15.04.24

                       

Женисбек Пиязов олий таълим вазири маслаҳатчиси бўлди

Женисбек Пиязов олий таълим вазирига маслаҳатчи этиб тайинланди. У 2022 йил январида мактабгача таълим вазирининг маслаҳатчиси этиб тайинланганди.

Женисбек Пиязов олий таълим, фан ва инновациялар вазири маслаҳатчиси бўлди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Вазирнинг маданият ва санъатни ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси лавозими жамоатчилик асосида жорий этилди ва ушбу лавозимга Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Бошқирдистон ва Татаристон халқ артисти Женисбек Пиязов тайинланди.

«Женисбек Пиязов олий ва профессионал таълим тизимида ёшларнинг ижтимоийлашувини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, талаба ёшларнинг «Беш муҳим ташаббус» доирасида санъат, маданият, мусиқа соҳасидаги иқтидор ва қобилиятларини рўёбга чиқариш, уларни ушбу йўналишдаги тўгарак ва клубларга фаол жалб этишда маслакдош бўлишига ишонч билдирилди», дейилади хабарда.

Маълумот учун, у 2022 йил январида мактабгача таълим вазирининг маданият ва санъатни ривожлантириш йўналишлари бўйича жамоатчилик асосида маслаҳатчи этиб тайинланганди. Ушбу лавозим ҳам ўша пайтда жамоатчилик асосида ташкил этилганди.

Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига 2024 йил февралидан буён Қўнғиротбой Шарипов раҳбарлик қилиб келмоқда.

Аввалроқ Тошкентда Женисбек Пиязов номидаги биринчи профессионал вокал мактаби очилгани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: