11:40 | 15.01.24

                       

Жиззахда электр таъминоти корхонаси электромонтёри ток уриши оқибатида вафот этди

У қишлоқда электр таъминоти узилиб қолгани учун носоз жойни аниқлаш мақсадида текширув ишларини ўтказаётган бўлган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Bugun.uzга маълумот беришича, ҳодиса шу йилнинг 13 январ куни Бахмал туманида содир бўлган. Туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ИИБга хабар бериб, унда Бахмал тумани, «Ўрмончи» МФЙ, «Уйлуқма» қишлоғида яшовчи 47 ёшли Бахмал тумани электр таъминоти корхонаси электрмонтёри сифатида ишловчи У.Т. «Ойқор» ҚФЙ, «Сартюзи» қишлоғи ҳудудида симёғочга чиққан вақтида ток уриб вафот этганлиги тўғрисида маълум қилган.

Олиб борилаётган терговга қадар текширувда ҳодиса содир бўлган жойга марҳум Т.У. ҳамкасби Б.Ж. билан биргаликда боргани аниқланган. Марҳум шериги билан Бахмал тумани электр таъминоти корхонасининг Ойқор ҚФЙ ҳудудига масъул ходимлар ҳисобланган. Улар 13 январ куни Ойқор ҚФЙ ҳудудида электр таъминоти узилиб қолгани учун ушбу носоз жойни аниқлаш мақсадида текширув ишларини олиб бораётган бўлган.

Марҳум Т.У. судга оид тиббиёт экспертизасидан ўтказилиб, унинг ўлим ҳолати тананинг электр токи уриши ва ёниши оқибатида юзага келгани аниқланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентдаги мактабда 8-синф ўқувчиси электр токи уриши оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик ўша мактабда бошқа ўқувчини ток уриб вафот этган майдончада аввал ҳам бошқа болаларни ток урган бўлиши мумкинлиги хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: