19:21 | 08.06.24
Жиззахда юк машиналари иштирокида содир бўлган ЙТҲ юзасидан қўшимча маълумот берилди. Ҳайдовчилардан бирининг қовурғалари синиб кетган.
Жиззахда 4 та юк машиналари иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати вазиятни ўрганди.
Маълум қилинишича, 2024 йил 8 июнь куни таҳминан 07:00 ларда Жиззах вилояти ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга бўлган М-39 автомобиль йўлининг 1012 километрида Тошкент—Самарқанд йўналишида Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида яшовчи 2003 йилда туғилган ҳайдовчи Howo русумли юк автомобили бошқариб бораётиб, тормоз ишламагани сабабли йўлнинг ўнг томонида тўхтаб турган машинага ва ҳаракатланиб келаётган Андижон вилоятида яшовчи 1988 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги МАN русумли юк автомашинага тўқнашиб, ЙТҲ содир этган.
Оқибатда, Howo русумли юк машинаси ҳайдовчиси 3 ва 4 қовурғалари синиш ташхиси билан тан жароҳати олган ва машиналар техник шикастланган. Бундан ташқари, МАN русумли юк автомашинада бўлган 4 дона Cobalt ва 3 дона Equinox автомашиналари ҳам техник шикастланган. Ҳодиса оқибатида мазкур автомобиль йўлида тирбандлик юзага келган. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув олиб борилмоқда ва транспорт воситаларига еткизилган зарар миқдори аниқланмоқда.
«Мазкур содир этилган ЙТҲ юзасидан ўтказилган суриштирув ишларида ушбу ҳодисага юк машинаси тормози ишламаслиги сабаб бўлгани аниқланди. Шу сабабли, барча ҳайдовчилардан йўлга чиқишдан олдин транспорт воситаларининг техник созлигини текширишларини сўраймиз», — деди Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ катта мутахассиси Эркин Очилов.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: