14:15 | 08.01.22

                       

Деновда савдо мажмуасидаги портлаш уюштирилганмиди?

Ҳукумат комиссиясининг хулосаси эълон қилинди

АОКАда 8 январь, шанба куни ФВВ Давлат ёнғин назоратини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи Ўлмас Музаффаров иштирокида ўтказилган брифингда Сурхондарё вилояти Денов туманидаги «Indenim» савдо мажмуасида бўлган портлаш юзасидан ҳукумат комиссисининг хулосаси эълон қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Кадр: Telegram

Олиб борилган тадқиқот ва таҳлиллар натижаларига кўра, фожианинг юз беришига сабаб бўлган омиллар юзасидан ҳукумат комиссиясининг хулосаси тақдим этилган. Хусусан, савдо мажмуасида содир бўлган чақнаш портловчи моддалар қўлланилганлиги натижасида содир бўлмаганлигини маълум бўлган.

«Мазкур объектда портловчи моддалар қўлланилганлиги ўрганилганда, портловчи моддалар излари мавжуд эмаслиги ҳамда портлашга хос бўлган ўзгаришлар, яъни, ‘воронка’ ва портлатиш қурилмасининг бўлаклари аниқланмаган», — деди Ўлмас Музаффаров.

Хулосада айтилишича, мажмуада содир бўлган чақнаш мажмуа остидан ўтган ва фойдаланишда бўлмаган газ қувуридаги ёриқлардан табиий газнинг сизиб чиқиши натижасида портлаш хавфи бўлган газ-ҳаво аралашмасининг ҳосил бўлиши ва унга бинодаги электр жиҳозларининг автоматлаштирилган тартибда ўчиб-ёнишида кузатиладиган учқуннинг таъсири натижасида рўй берган.

Шунингдек, «Инденим» савдо мажмуаси биносининг остидан ўтган ва фойдаланишда бўлмаган газ қувурининг коррозия оқибатида хосил бўлган ёриқлардан (6 жойидан 3–13 см катталикда) сизиб чиққан табиий газ бинонинг ички кисмида газ-ҳаво аралашмаси йиғилиши натижасида чақнаш содир бўлгани қайд этилган.

ФВВ вакилининг сўзларига кўра, фожиа оқибатида 2 нафар киши қурбон бўлиб, 9 нафари турли даражадаги тан жароҳати олган. Шунингдек, 140 та турар жойларга, яъни 76 та ховли уйи ва 5 та кўп қаватли уйнинг 64 та хонадони, 86 та нотурар жой, умумий ҳисобда 226 та иморатга зиён етган. Талафот кўрган 25 та бино, жумладан, 13 та турар жой ва 12 та нотурар жой биноcи яроқсиз ҳолатга келган.

Мавзуга доир:

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарёдаги савдо мажмуасида портлаш содир бўлиб, шундан сўнг воқеа юзасидан қўшимча маълумот берилганди. Куннинг иккинчи ярмида эса портлашда ҳалок бўлганлар 2 нафарга етгани айтилган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқармаси эса портлаш юзасидан расмий видеобаёнот берган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: