19:41 | 23.11.22

                       

Шавкат Мирзиёев космик тармоқни ривожлантириш бўйича тақдимот билан танишди

«Ўзбеккосмос»га космик суратларни таҳлил қилиш орқали иқтисодиёт соҳаларида қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаш вазифаси топширилди

Шавкат Мирзиёев 23 ноябрь куни космик фаолиятни ривожлантиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълумки, давлат раҳбарининг 2019 йил 30 августдаги фармонига кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Ўзбеккосмос» агентлиги ташкил этилган. Ўтган даврда бу соҳада меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрлаш, инфратузилма яратиш бўйича муайян ишлар қилинди.

«Бугунги кунда космосдан фойдаланиш миқёси шунчалик кенгки, ҳали бу борада ўрганадиган жиҳатларимиз кўп», – дейди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, 2020 йилда дунёда космик хизматлар бозорининг умумий ҳажми 400 миллиард долларга яқинлашган. Бунда асосий ўринни ерни масофадан зондлаш, алоқа йўлдошлари, навигация хизматлари эгалламоқда. Келажакда космосдан фойдаланиш эҳтиёжи янада ортиб бораверади.

Президентнинг кўрсатмасига мувофиқ, космик тармоқни ривожлантиришнинг 5 йиллик концепцияси ва «йўл харитаси» ишлаб чиқилди. Уларда ерни масофадан зондлаш, телекоммуникация сунъий йўлдошлари миллий гуруҳини яратиш, илмий-ишлаб чиқариш марказини ташкил этиш, кадрлар тайёрлаш, аэрокосмик стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича мақсадлар белгиланган.

Шунингдек, «Ўзбеккосмос» агентлигига қўшимча вазифалар юклатиш мўлжалланмоқда. Булар – космик суратларни таҳлил қилиш орқали иқтисодиёт соҳаларида қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаш, давлат космик мониторингини амалга ошириш, бу жараёнда илғор технологияларни қўллаш бўйича таклифлар тайёрлаш кабилардир.

Давлат раҳбари мутасаддилардан бу чора-тадбирларнинг натижадорлиги қандай бўлишини сўради.

«Мазкур тармоқ ривожи қишлоқ ва сув хўжалиги, ер муносабатлари, экология, геология каби кўплаб соҳаларда қўл келади. Масалан, экинларнинг тури ва майдони, ерларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши, ноқонуний чиқинди жойлари пайдо бўлишини аниқлаш даражаси 95 фоизгача етади. Сув иншоотлари, ер қаъри ва фойдали қазилмалар муҳофазаси ҳам янада кучаяди», – дейилади хабарда.

Президент бу таклифларни маъқуллаб, тегишли ҳужжатларни қабул қилишга кўрсатма берди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» лойиҳаси ижросини самарали ташкил этишга оид таклифлар тақдимоти билан танишгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: