16:28 | 08.01.24

                       

Нукусда номаълум моддадан заҳарланганларнинг ҳар иккиси вафот этгани билдирилмоқда

Bugun.uz мухбирига заҳарланган йигитларнинг яқин кишиси уларнинг иккиси ҳам вафот этганини, улардан бирининг тирик қолгани ёлғон эканини маълум қилди.

2023 йилнинг 29 декабр куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри 23-кичик туман 1/39-уйда икки нафар фуқаро номаълум моддадан заҳарланиб, улардан бири кўрсатилган ёрдамга қарамай, вафот этгани хабар қилинди. Бироқ, Bugun.uz мухбири билан суҳбатлашган жабрланганларнинг қариндоши уларнинг иккови ҳам ёрдам етиб келгунига қадар оламдан ўтганини маълум қилди.

E-qaror электрон тизимида эълон қилинган Нукус шаҳар ҳокимининг комиссия тузиш бўйича қарорида бахтсиз ҳодисада икки нафар фуқаро заҳарланиб, шифохонага ётқизилгани, улардан бири вафот этгани ҳақида маълумот келтирилган.

Қурбонлардан бири 22 ёшли И.Ж. Қорақалпоғистон давлат университетининг Иқтисодиёт факултети талабаси бўлган. Иккинчи жабрланувчи А.К. эса 2005 йилда туғилган. У И.Ж.нинг олдига янги йил байрами арафасида келган.

Bugun.uz‘га маълумот берган марҳумнинг яқини уларнинг оналари хавотирланиб, фарзандларининг аҳволидан хабар олишини сўрагани учун йигитлар яшайдиган уйга борган.

«Ҳокимлик нега унақа муносабат билдирганини билмадим-ку, лекин шу куни боланинг онаси менга қўнғироқ қилиб ‘Болам эрталабдан бери телефон қилсам кўтармаяпти, хабар олиб кўрʼ, деб илтимос қилди. Чунки икки боланинг ҳам ота-онаси туманда яшайди», дейди у.

Марҳумнинг қариндоши у ерга бориб, эшикни бузиб кирган. Йигитлар бу вақтда вафот этиб бўлганди. Унинг айтишича, йигитларнинг вафотига табиий газ сизиб чиқиши сабаб бўлмаган.

«Бизнингча, уларнинг ўлимига газ сизиб чиқиши сабаб бўлмаган, чунки эшикни очганимизда «котёл» ёниб турганди. Лекин унинг мўриси тиқилганди. Газ ёнишидан чиққан заҳарли тутун хонанинг ичига тўпланиб қолган», дейди марҳумларнинг яқин кишиси.

Шундан сўнг орган ходимлари ва шаҳар ҳокимининг шахсан ўзи ўша ерга бориб вазиятни ўрганган. Кейин эса мурдалар шифохонага эмас, тиббий экспертизага олиб кетилган. Гувоҳнинг айтишича, уларга ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаган. Чунки бунга ҳожат қолмаган – болалар ўлиб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нукусда бахтсиз ҳодиса оқибатида номаълум моддадан заҳарланган фуқаролардан бири вафот этгани ҳақида дастлабки маълумот берилганди. Бахтсиз ҳодисада 2 нафар фуқаро номаълум этиологияли модда таъсирида заҳарлангани қайд этилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: