13:12 | 25.03.24

                       

Абдулла Арипов Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига борди

Абдулла Арипов Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига борди. У РФ элчиси Олег Малгинов орқали бутун Россия халқига таъзия билдирди.

Бугун, 25 март куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Россия Федерациясининг мамлакатдаги элчихонасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Бош вазир матбуот котиби хабар берди.

Фото: Бош вазир матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Абдулла Арипов РФ элчиси Олег Малгинов орқали бутун Россия халқига таъзия билдирган.

Фото: Бош вазир матбуот хизмати

Аввалроқ, Бош вазир Россия Федерацияси ҳукумати раиси Владимир Мишустинга Москва вилоятидаги Crocus City Hall мажмуасида содир бўлган теракт оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва оғир жароҳат олгани муносабати билан ҳамдардлик мактубини юборган эди.

Фото: Бош вазир матбуот хизмати

Москва шаҳри яқинидаги Crocus City Hall концерт залида содир этилган теракт оқибатида ҳалок бўлган 137 кишининг жасади топилган, ҳудудни кўздан кечириш ишлари давом эттирилмоқда. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси хабар берди.

Фото: Бош вазир матбуот хизмати

Маълумот учун, Москва яқинидаги «Крокус сити ҳолл» концерт залида содир этилган теракт учун жавобгарликни ИШИДнинг Афғонистондаги бўлинмаси — ИШИД-Хуросон (ИШИД-К) ўз зиммасига олди. Бу маълумотни АҚШ амалдорлари ҳам тасдиқлади.

Кейинроқ ижтимоий тармоқларда теракт уюштирганларнинг барчаси Тожикистон фуқаролари экани тўғрисида хабарлар тарқалди. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги эса ҳолатга муносабат билдириб, ОАВ вакилларидан фейк хабарлар тарқатмасликни сўради.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: