15:53 | 06.01.23

                       

Афғонистон ва Хитой Амударё ҳавзасида нефть қазиб олади

Афғонистон муваққат ҳукумати ва Хитойнинг CAPEIC компанияси Амударё ҳавзасида нефть қазиб олиш бўйича шартнома имзолади. Нефть маҳсулотларини Афғонистоннинг ўзида қайта ишлаш режалаштирилган

Афғонистон муваққат ҳукумати ва Хитойнинг Central Asia Petroleum and Gas Co (CAPEIC) нефть-газ компанияси 5 январь, пайшанба куни Кобулда мамлакат шимолидаги Амударё ҳафзасида нефть қазиб олиш бўйича шартнома имзолади, деб хабар беради ToloNews.

Кадр: YouTube

Шартномани имзолаш маросимида Афғонистон муваққат ҳукумати аъзолари ва Хитойнинг Кобулдаги элчиси Ван Ю иштирок этган. Тоғ-кон саноати ва нефть вазири вазифасини бажарувчи Шаҳобиддин Делевар лойиҳанинг дастлабки уч йилида геологик разведка ишлари ўтказилишини таъкидлади. Нефть қидириладиган ҳудуднинг умумий майдони Сарипул, Жузжон ва Фарёб вилоятларининг бешта туманидаги 4,5 минг квадрат километрни ташкил этади.

Ушбу ҳудудлардаги нефть миқдори 87 миллион баррелга баҳоланмоқда. Разведка ишларининг кенгайиши сабаб кунлик қазиб олиш 200 тоннадан 1000 тоннагача ошади. Лойиҳа 3 минг иш ўрнини яратади.

Нефть ва нефть маҳсулотларини Афғонистоннинг ўзида қайта ишлаш режалаштирилмоқда. Шартнома шартларига мувофиқ Хитой компанияси биринчи йилда 150 миллион доллар, уч йилда эса 540 миллион доллар инвестиция киритади.

Шартнома 25 йилга имзоланган. Афғонистон даставвал лойиҳанинг 20 фоизига эгалик қилади ва бу кўрсаткич 75 фоизгача кўтариб борилади. Афғон вазирининг қайд этишича, агарда компания шартнома шартларини бажармаса, у бекор қилинади.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Абдул Ғани Биродарнинг таъкидлашича, Хитой компанияси халқаро меъёрларга мувофиқ ишлаши керак ва давлат органлари унга ёрдам кўрсатишига ваъда берган.

Хитойнинг Кобулдаги элчиси Ван Ю шартномани Афғонистон иқтисодиётининг ўсишида муҳим аҳамият касб этишини айтиб, икки мамлакатнинг яхши ҳамкорлигига намуна бўлишини билдирган. Бу Толибон 2021 йилда ҳокимият тепасига келганидан бери имзоланган биринчи халқаро инвестиция шартонамаси ҳисобланади.

Январь бошида Ўзбекистон Афғонистон билан электр энергияси етказиб бериш бўйича шартнома имзолаганди. Афғонистон муваққат ҳукуматининг Сув ва энергетика вазирлиги раҳбари вазифасини бажарувчи Абдулатиф Мансур бошчилигидаги делегация Ўзбекистон ҳукумати билан электр энергияси етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бориш учун Тошкентга етиб келган. «Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари» АЖ ва Афғонистоннинг DABS энергетика компанияси электр энергияси етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган.

Шунингдек, Толибон Ўзбекистонга 35 миллион доллар миқдоридаги қарзини ҳам қайтарган. Охирги пайтлар Афғонистонда электр энергияси Ўзбекистон электр тармоғидаги техник носозликлар туфайли камайган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: