12:42 | 15.09.23
Болалар боғчаси фаолияти эса вақтинча тўхтатилган.
Аввалроқ Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги бир нечта болалар боғчасида 18 нафар тарбияланувчи овқатдан заҳарлангани ҳақида хабар берилган эди. Санитария-эпидемиология қўмитасининг маълум қилишича, бемор болалар сони 24 нафарга етган.
Қўмита хабарига кўра, Ангрен шаҳридаги 10-сонли мактабгача таълим ташкилотида тарбияланаётган 24 нафар болада овқатдан заҳарланиш ҳолати кузатилган. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг аввалроқ берган баёнотида эса овқатдан заҳарланиш ҳолатлари қайд этилган боғчалар сони учта экани айтилганди.
Қайд этилишича, 2023 йилнинг 13 сентябр куни соат 14:00 дан бошлаб 2023 йил 14 сентябр куни соат 21:00 га қадар шаҳардаги 10-сонли боғча тарбияланувчилари ўртасида кўнгил айниши, қайт қилиш, тана ҳарорати кўтарилиши, тез-тез ич кетиши каби ҳолатлар кузатилган. Шундай симптомларга эга болалардан 24 нафари Тошкент вилояти Ангрен шаҳар шифохонасининг юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган, 7 нафарига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига рухсат берилган.
Санэпидқўмита ходимлари томонидан лаборатор текширувлар учун юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилган беморлар ҳамда болалар боғчаси омборхонасида сақланаётган озиқ-овқат махсулотларидан намуналар олинган. Шунингдек, муассасада тарбияланаётган 240 нафар бола шифокорлар томонидан тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилган ва тиббий назоратга олинган. Боғча фаолияти эса вақтинча тўхтатилган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг октябр ойида Фарғонадаги боғчалардан бирида ҳам 20 дан ортиқ бола овқатдан заҳарланганди. Шундан сўнг, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Айни ўша йилнинг сентябр ойида Фарғонада яна 41 нафар бола овқатдан заҳарланган. Шунингдек, бундай ҳолат Навоийда ҳам кузатилган.