14:29 | 06.02.24

                       

«Антиструмін-Дарниця» дорисидан болалар нобуд бўлгани ҳақидаги хабарга муносабат берилди

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази «Антиструмін-Дарниця» дорисидан болалар нобуд бўлгани ҳақидаги хабарга муносабат берди. Марказ бу дори Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказилмаган, тиббиёт амалиётида қўлланишига рухсат этилмаганини таъкидлади.

Telegram’да Украина компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Антиструмін-Дарниця» препарати сурати илова қилинган хабарда, мазкур доридан болалар нобуд бўлгани ҳамда ушбу препаратни қўлламаслик тўғрисида номаълум аёлнинг аудио тарқалмоқда.

Маълум қилинишича, дори воситаси тиббиёт амалиётида қўлланилиши учун қонунчиликка мувофиқ, қоида тариқасида дастлаб давлат рўйхатидан ўтказилиши зарур.

Мазкур жараёнда дори воситасининг тегишли ҳужжатлари ўрганилиб, марказ лабораториялари томонидан унинг сифати, хавфсизлиги ва самарадорлиги тасдиқлангандан сўнгина, ижобий хулосалар асосида давлат рўйхатидан ўтказилади. Шу билан бирга рўйхатдан ўтказилган дори воситасининг ҳар бир серияаси сертификатлаштириш жараёнидан ўтиб, ҳар бир серия маҳсулотга мувофиқлик сертификати расмийлаштирилади.

«Аудиохабарга сурати илова қилинган Украина компаниясига тегишли ‘Антиструмін-Дарниця’ дори воситаси мамлакатимизда давлат рўйхатидан ўтказилмаган бўлиб, тиббиёт амалиётида қўлланишига рухсат этилмаган.

Шу ўринда, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази телеграмда тарқалаётган аудио юзасидан юртошларимиз хавотирга тушмасликларини, хабарда айтилаётган маълумотлар хақиқатга мутлақо зид эканлигини маълум қилади», — дейилади марказ хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 450 нафар боланинг «Антиструмин» билан заҳарланиши билан боғлиқ воқеа бўйича уч нафар олима шифокор қамоққа олингани ҳақида хабар берилганди. Бундан ташқари, бир йилда 6 мингдан зиёд тиббиётда қўллаш мумкин бўлмаган дорилар аниқланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: