8:39 | 05.10.22

                       

АҚШ ҳижоб билан боғлиқ намойишлар туфайли Эронга санкциялар киритади

Шунингдек, Вашингтон Эрон аҳолиси учун интернетдан фойдаланиш имкониятини енгиллаштиради

Эронда давом этаётган норозилик намойишлари фонида АҚШ ушбу мамлакатга қарши янги санкциялар киритади. Бу ҳақда президент Жо Байденнинг Оқ уй сайтида эълон қилинган баёнотида сўз боради.

Оқ уй раҳбарининг сўзларига кўра, шу ҳафта АҚШ тинч намойишчиларга нисбатан зўравонликда айбдор бўлган шахсларга қарши қўшимча санкциялар киритади.

«Эронда тинч намойишлар, жумладан, тенг ҳуқуқ ва инсон қадр-қимматини ҳурмат қилишни талаб қилаётган талабалар ва аёлларга қарши зўравонлик билан бостирилиши кучаяётгани ҳақидаги хабарлардан қаттиқ хавотирдаман», — дейди Байден.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, Вашингтон Эрон аҳолиси учун интернетдан фойдаланиш имкониятини енгиллаштиради, «хусусан, хавфсиз ташқи платформа ва хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш орқали».

Эслатиб ўтамиз, Эронда полиция томонидан ушланган 22 ёшли Маҳса Аминининг ўлимидан кейин оммавий норозили намойишлари бошланган. Амини Теҳронга келган ва метродан укаси билан чиқаётганида полиция томонидан қўлга олинган. Бунга қиз Эронда барча аёллар ўраши мажбур бўлган ҳижобни нотўғри ўрагани сабаб бўлган. Аёллар ҳижобларини ечиб, сочларини қирққан ҳолда видеоларни ижтимоий тармоқларга тарқатяпти. 27 сентябрь ҳолатига кўра юзага келган тартибсизликларда қурбонлар сони 40 нафардан ошган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: