Баҳодир Жалолов Бутунжаҳон бокс иттифоқининг янгиланган рейтингида яна кўтарилди. Рейтингдан 10 нафар ўзбек боксчиси жой олган.
Бутунжаҳон бокс иттифоқи (WBC) август ойи учун янгиланган рейтингни эълон қилди.
Супероғир вазн тоифасидаги боксчи Баҳодир Жалолов янгиланган рейтингда 6-ўринга кўтарилиб олди. Икки карра Олимпиада чемпиони июль ойи рейтингида 8-ўринни эгаллаб турганди.
Ушбу вазнда Александр Усик чемпион, Тайсон Фьюри эса 1-ўринни банд этган. Жалоловдан олдинги ўринлардан Агит Кабайе (Германия), Мартин Баколе (Конго/Буюк Британия), Чжанг Чжилей (Хитой), Эфе Ажагба (Нигерия/АҚШ) жой олган.
Янгиланган рейтингдан 10 нафар боксчимиз ўрин олган:
- Супероғир вазн: Баҳодир Жалолов ўтган ойдагидан 2 поғона кўтарилиб, 6-ўриндан жой олди;
- Суперўрта вазн тоифаси (76,2 кг): Бектемир Мелиқўзиев ўтган ойдагидан бир поғона юқорилаб, 13-ўринга жойлашди;
- Суперярим ўрта вазн тоифаси (69,9 кг): Исроил Мадримов 3-ўринда қайд этилди;
- Яримўрта вазн (66,6 кг): Шаҳрам Ғиёсов бир поғона юқорилаб, 7-ўринни банд этган бўлса; Жаҳонгир Расулов 3 поғонага пастлади ва 30-ўринни эгаллади;
- Ярименгил вазн (57,1 кг): Отабек Холматов 18-ўринни банд этган;
- Биринчи ярименгил вазн (55,3 кг): Муроджон Аҳмадалиев 4-ўринда қолди; Миразизбек Мирзахалилов ўтган ойдаги каби 28-ўринни банд этиб турибди;
- Енгил вазн (50,82 кг): Олимжон Назаров ўтган ойдагидан 1 поғона пастлаб, 35-ўринга жойлашди;
- Биринчи ўта енгил вазн (47,6 кг): Ҳасанбой Дўсматов ўтган ойдагидан бир поғона юқорилади ва 4-ўриндан жой олди.