13:55 | 16.12.23
Бола манфаатларининг бузилишига йўл қўяётганларни нафақат ишдан олиш, балки уларга қонун доирасидаги тегишли жавобгарлик чоралари кўрилиши кераклиги билдирилмоқда.
Сўнгги пайтларда турли таълим муассасаларда таълим-тарбияга масъул шахсларнинг нолойиқ, қўпол муомаласи ёки озор бериши оқибатида болаларга турли даражадаги жароҳат ёки эмоционал-психологик таъсир кўрсатиш ҳолатлари учрамоқда.
Болалар омбудсмани бундай ҳолатларга мутлақо муросасиз муносабатда бўлиб, бола манфаатларини бузилишига йўл қўяётганларни нафақат лавозимидан ёки вазифасидан озод этиш, балки уларга қонун доирасидаги тегишли жавобгарлик чоралари кўрилиши зарур, деб ҳисоблайди.
Зеро, болаларга нисбатан содир этилган ҳар қандай зўравонлик ҳолатининг жавобсиз қолиши бундай номаъқул амалиётни давом этишига олиб келади.
«Шунингдек, педагог ва тарбиячилар тегишли вазифа ёки лавозимга тайинланишидан аввал махсус психологик кўрикдан ўтказилиши муҳим. Хусусан, уларнинг бола билан яқиндан мулоқот қилишга психологик ва эмоционал жиҳатдан тайёрлиги даражаси ва соғлиғи барқарорлиги тизимли равишда текширувдан ўтказилиши мақсадга мувофиқ», – дейилган Болалар омбудсмани хабарида.
Аввалроқ, Хоразм вилояти Урганч туманида Чондирқиёт қишлоғи Тадқиқотчилар маҳалласида жойлашган 23-сонли МТМда тарбиячи Р.Г. ва ёрдамчи тарбиячи А.М. тарбияланувчилар Р.С, М.С, У.З, С.Т.ларга нисбатан туртиш, тепиш, қулоғидан тортиш, бошига уриш каби номақбул хатти-ҳаракатлар содир қилгани, Наманган вилоятида ҳам боғчада тарбияланувчи қизчанинг калтакланаётгани акс этган видеолар тарқалганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: