22:16 | 15.12.23
Тарбиячиларнинг айримлари уларни таёқ билан уриб дарс ўтди.
Хоразмдаги боғчалардан бирида тарбиячиларнинг болаларни оёғи билан тепиб, ҳатто таёқ билан уриб машғулот ўтказишаётгани акс этган видеоёзувлар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Видеода муассаса тарбиячиларидан бири болаларнинг қулоғидан тортиб, уларни судраган ва елка қисмларига урган.
Болалар омбудсманига кўра, ҳолат вилоятнинг Урганч тумани Чондирқиёт қишлоғи Тадқиқотчилар маҳалласида жойлашган 23-сонли МТМда бўлиб, бунда тарбиячи Р.Г. ва ёрдамчи тарбиячи А.М. тарбияланувчилар Р.С., М.С., У.З., С.Т.ларга нисбатан туртиш, тепиш, қулоғидан тортиш, бошига уриш каби номақбул хатти-ҳаракатлар содир қилган.
Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг маълум қилишича, иш фаолияти давомида йўл қўйган қўпол хато ва камчиликлари учун тарбиячи ва ёрдамчи тарбиячиси Р.М ва А.М билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда боғча тарбиячиси болаларга босим ўтказаётгани маълум бўлганди. Наманганда эса тарбиячи икки болани бир ўринга ётқизиб, бўш жойда телефон ўйнаб ётгани айтилганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: