21:00 | 05.09.22

                       

Бугун оқшоми. Бепул бўлган дарсликлар, ҳокимларга топшириқ берган Президент ва Россия элчихонаси ёнидаги теракт

@bugunoqshomi — бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ўзбекистонга салқин ҳаво қачондан кириб келиши маълум бўлди.

Ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистон ҳудуди бўйича қуруқ ва бироз иссиқ об-ҳаво сақланиб туради, куз фаслининг боши учун меъёрий қийматлардан бироз илиқроқ бўлади. Қайд этилишича, ҳаво ҳарорати кечалари 15-20 даража, кундуз кунлари 34-39 даража атрофида бўлади.

Фото: «Bugun.uz»

Ҳафтанинг иккинчи ярмида мамлакат ҳудудига салқин ҳаво массаси кириб келиши бошланади. Ҳаво ҳарорати кечалари 13-18 даражагача, кундуз кунлари 30-35 даражагача бироз пасаяди. 7-9 сентябрь кунлари фақат Қорақалпоғистон туманлари бўйича қисқа муддатли ёмғир ёғиш эҳтимоли бор. 6 сентябрь куни шимолда, 7-8 сентябрь кунлари республиканинг чўл ҳудудларида шамол 15-20 метр/секундгача кучаяди.

Шавкат Мирзиёевнинг ҳафталик иш графиги эълон қилинди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Шавкат Мирзиёевнинг бу ҳафта иш режасидан ўрин олган тадбирларни эълон қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, давлат раҳбари Парламентлараро Иттифоққа аъзо давлат парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити иштирокчилари билан учрашув ўтказади. Шунингдек, Президент Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган олий даражадаги Саммитига тайёргарлик юзасидан тақдимотларда иштирок этади.

Тошкент метрополитени тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида йўловчиларга мурожаат билан чиқди.

«Тошкент метрополитени» ДУК тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида метродан фойдаланувчил йўловчиларга мурожаат йўллади. Қайд этилишича, сентябрь ойидан бошлаб метрополитендан фойдаланувчи йўловчилар сони ўтган йилга нисбатан кунига 200 мингдан ошиши кутилмоқда. Прогнозларга кўра, сентябрь ойида бир кунда 550-580 минг, октябрь ойида 600 мингга етади.

Фото: «Bugun.uz»

«Шу сабабли, юзага келиши мумкин бўлган тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида, пойтахт метрополитени томонидан тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Шунингдек, бу борада йўловчилар ҳам метрополитендан фойдаланиш қоидаларига амал қилишларини сўраймиз.

Ҳаракатланиш вақтида ўзаро ҳурматни сақлаш, поезд ичидаги йўловчилар чиқиб кетгунига қадар кириш учун вагон эшиклари олдида турмаслик, манзилга келгач поездан чиқиш учун имкон қадар тезроқ ҳаракат қилиш, вагон эшикларига суянмаслик, шахсий буюмларни вагон ва метро ҳудудида қолдирмаслик талаб этилади», — дейилади мурожаатда.

Таъкидланишича, буларнинг барчаси оралиқ интервалларининг режа асосида амалга оширилишини таъминлашга ижобий таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, метродан доимий тарзда фойдаланувчи йўловчилар тўловни банк ва транспорт карталари орқали амалга оширса, ўз вақтини тежаши ҳамда касса олдидаги тирбандликни максимал даражада камайтириши мумкин.

Ўзбекистонда мактаб дарсликлари ва машқ дафтарлари бепул ижарага берилади.

Ўзбекистонда мактаб дарсликлари ва машқ дафтарлари бепул ижарага берилади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди. Қайд этилишича, мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларининг ижара тўловлари миқдорлари кескин оширилиши муносабати билан кенг жамоатчилик, ота-оналар томонидан билдирилган эътирозлар юзасидан Президентга ахборот берилган.

Фото: Халқ таълими вазирлиги

Мактаб дарсликлари болаларнинг умумий ўрта таълим олишида фавқулодда муҳим ўрин тутишини ҳисобга олиб ҳамда мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналарини, қонуний вакилларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий адолатни таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбари Вазирлар Маҳкамаси ва Халқ таълими вазирлигига мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларини бепул ижарага беришни тезкор йўлга қўйиш юзасидан топшириқ берилган.

«На банклар, на лизинг компаниялар раҳбарлари, на ҳокимлар бу маблағларни тадбиркорларга бериш бўйича жон куйдирмаяпти» — Президент.

Шавкат Мирзиёев қиш-баҳор ойларида бозорларда мева-сабзавотлар нархи барқарор бўлиши учун сақлаш ва ташиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев қиш-баҳор ойларида бозорларда мева-сабзавотлар нархи барқарор бўлиши учун сақлаш ва ташиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш зарурлигини таъкидлаган.

Бу масалалар бўйича лойиҳалар бўлса, уларга барча шароитлар яратиб берилиши кўрсатиб ўтилган. Мисол учун, четдан қишлоқ хўжалигига жалб қилинган 140 миллион доллар узоқ муддатли маблағлар банкларда ҳалигача ўзлаштирилмаган. Яна 330 миллион доллар тайёр кредит линиялари йил бошидан бери ҳаракатсиз турибди.

«На банклар, на лизинг компаниялари раҳбарлари, на ҳокимлар бу маблағларни тадбиркорларга бериш бўйича жон куйдирмаяпти», — деди Президент. Вилоят ҳокимларига бир ой муддатда ушбу маблағларни ўзлаштириш бўйича ўзининг лойиҳаларини тақдим этиш топширилган.

Янги лойиҳаларни ишга туширишда «Агролизинг» акциядорлик жамияти умуман ишламаётгани танқид қилинди, унинг фаолиятини тўлиқ трансформация қилиб, деҳқон ва фермерларга молиявий кўмакчи бўладиган тизимга айлантириш топширилган.

Хўш, оламда нима гап?

Афғонистондаги Россия элчихонаси ёнида теракт содир бўлди.

Кобулдаги Россия элчихонаси яқинида 5 сентябрь куни портлаш содир бўлди. Ҳодиса маҳаллий вақт билан 11:00 да консуллик биноси олдида россиялик дипломат ташқарига чиққанида содир бўлган. У виза олиш учун навбатда турганлар рўйхатини ўқимоқчи бўлган.

Фото: «AtnNews»

Элчихона ходимлари орасида қурбонлар борлиги ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ. Кобулдаги «Толибон» хавфсизлик расмийлари ҳозирча портлашга изоҳ бермаган. Гувоҳлар йигирмага яқин одам ўлганини айтмоқда. Аниқланишича, ҳудкуш террочи элчихона яқинида ўзини портлатган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги мазкур ҳодисага муносабат билдирди.

Вазирлик Кобулдаги терактда дипломатик миссиянинг икки нафар россиялик ходими ҳалок бўлганини тасдиқлаган. Ҳозирда 11 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Маҳаллий журналистларнинг сўзларига кўра, худкуш террорчи элчихона қўриқчилари олдига бормоқчи бўлган, аммо улгурмаган.

Foto: «Ecosociety.ru»

«5 сентябрь куни Кобул вақти билан соат 10:50 да Россиянинг Кобулдаги элчихонаси консуллик бўлимига кириш жойи яқинида номаълум жангари портловчи мосламани ишга туширган. Ҳужум оқибатида дипломатик миссиянинг икки ходими ҳалок бўлди, қурбонлар орасида Афғонистон фуқаролари ҳам бор», дейилади хабарда.

Кобулдаги портлашда иккинчи котиб Михаил Шоҳ, шунингдек, қўриқчи ҳалок бўлган. Элчихона Афғонистон хавфсизлик хизматлари билан яқин алоқада, улар тергов олиб бормоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 5 сентябрь куни Россиянинг Кобулдаги элчихонаси яқинида содир этилган терактни қоралади.

Келтирилишича, баёнотда Кобулдаги Россиянинг консуллик бўлими 5 сентябрь куни содир этилган ҳамда дипломатик ваколатхона ходимлари ва Афғонистон фуқароларининг қурбон бўлишига олиб келган террорчилик ҳаракатини қатъий қоралаган.

Фото: «Kun.uz»

«Ушбу ғайриинсоний ҳаракатнинг ташкилотчилари ва ижрочиларини аниқлаш учун барча зарур чораларни кўришга чақирамиз», дейилган баёнотда. Шунингдек, ТИВ ҳалок бўлганларининг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жабрланганларнинг соғайиб кетишини тилаган.

Лиз Трасс Буюк Британия бош вазири бўлди.

Лиз Трасс Буюк Британия Консерватив партияси раҳбари этиб сайланди, у мамлакатнинг янги бош вазир бўлди. Маълум қилинишича, Трасснинг номзоди олтинчи овоз беришда Консерватив партиянинг 81 326 нафар аъзоси томонидан қўллаб-қувватланган. Унинг рақиби, собиқ молия вазири Риши Сунакка 60 399 киши овоз берган..

Фото: «Getty Images»

Эндиликда Лиз Трасс Консерватив партия етакчиси лавозимида Борис Жонсон ўрнини эгаллайди. Яқин кунларда Борис Жонсон қироличага Бош вазир лавозимидан истеъфога чиққани ҳақида ҳисобот бериши ва Трассни ўзининг «вориси» сифатида тақдим этиши керак. Трасс қиролича билан учрашувдан сўнг расман бош вазир бўлади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: