20:32 | 08.04.22

                       

Эрон хакерлари Тўқаевга қарши суиқасдда Исроил разведкасини айблади

Улар бунга алоқадор ҳужжатли фильмни тақдим этишини айтган

Қозоғистонда президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга суиқасд уюштиришни режалаштирган хорижий разведка агенти ушланганди. «Open Hands» хакерлик гуруҳи ушбу суиқасдга Исроил разведкасининг «Моссад» агентлари тайёргарлик кўрганини маълум қилди.

Фото: «PYMNTS»

Эронга алоқадор «Open Hands» 5 апрель куни Қозоғистон президентига нисбатан муваффақиятсиз суиқасд ортида «Моссад» турганини таъкидлаган, бироқ бунга алоқадор далиллар келтирилмаган. Хакерлар гуруҳи 16 март куни «Моссад»нинг амалдаги директори Девид Барнеанинг рафиқасига тегишли бўлган эски уяли телефондаги шахсий маълумотларини ошкор қилгани билан танилган.

Эронлик хакерлар ўзининг Telegram’даги саҳифасида қуйидагиларни маълум қилган:

«Исроилнинг минтақада самарасиз ҳаракати ва миллий қадр-қимматнинг поймол этилиши, хусусан, ‘Моссад’нинг Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга суиқасд уюштиришга қаратилган сўнгги уринишини ҳисобга олиб, ‘Open Hands’ Исроилнинг Қозоғистондаги бузғунчи ҳаракати ҳақидаги эксклюзив ҳужжатли фильмни тақдим этади».

Таъкидланишича, хакерлар гуруҳи даъво қилинган ҳужжатли далиллар қачон тақдим этилишини очиқламаган.

Аввалроқ Покистон бош вазири Имрон Хонга суиқасд қилишга уриниш бўлганди. Шунингдек, Гаити бош вазирига суиқасд уюштирилган ҳамда АҚШнинг 2 президентига суиқасд уюштирмоқчи бўлган йигит ушланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: