21:34 | 22.09.22

                       

Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар жорий этилишини эълон қилди

Евроиттифоқ Украинани ҳарбий техникалар етказиб бериш орқали қўллаб-қувватлашини билдирган

Европа Иттифоқи давлатлари Донбасс, Запорожье ва Херсон вилоятларида референдум ўтказиш режалаштирилаёгани боис Россияга қарши янги санкциялар имкон қадар тезроқ жорий этади. Бу ҳақда Европа дипломатияси рабҳари Жозеп Боррелга таяниб, Reuters хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

«Россияга қарши қўшимча чеклов чоралари зудлик билан, шерикларимиз билан имкон қадар тезроқ мувофиқлаштирган ҳолда жорий этилади. Биз Украинани қанча талаб этилса, шунча ҳарбий техникалар етказиб бериш орқали қўллаб-қувватлашни давом эттирамиз», — дейди Боррель.

Унинг таъкидлашича, янги санкциялар ҳам индивидуал, ҳам соҳавий бўлади. Дипломат айнан қандай санкциялар борасида гап кетаётганини очиқламай, гап фақат сиёсий қарор ҳақида кетаётганини қайд этган.

Донбасс республикалари, шунингдек, Россия назорати остида бўлган Херсон ва Запорожье вилоятлари ҳудудлари 19 сентябрь куни Россия таркибига қўшилиш бўйича референдум ўтказиш ниятида эканини маълум қилганди. 21 сентябрь куни Владимир Путин Россия ушбу ҳудудлар аҳолиси маъқуллаган қарорни» қўллаб-қувватлашини эълон қилган.

Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин мамлакатда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилганди. Шундан сўнг мудофаа вазири Сергей Шойгу сафарбарликка кимлар жалб қилиниши ҳақида маълумот бериб, уларнинг сони 300 мингга етишини билдирди. Шу куни кечаси Россия бўйлаб сафарбарликка қарши ўтказилган акцияларда 1,4 мингдан ортиқ одам ушланган. Москвада сафарбарликка қарши намойиш ўтказганларга «военкомат»га чақирув қоғозлари берилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: