11:46 | 18.12.23

                       

Хоразмда ўқувчи қизлар синфдошини «самосуд» қилди

Янгиариқ туманида содир бўлган 7-синф қизлари ўртасидаги жанжал юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилгани маълум қилинди.

Шу йилнинг 12 декабр куни ижтимоий тармоқларда Хоразмда мактаб ўқувчи қизлари синфдошини «самосуд» қилгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат бўйича муносабат билдириб, ишчи гуруҳи ҳамда тегишли ташкилот вакиллари ўрганиш олиб борганини маълум қилди.

Аниқланишича, воқеа 15 ноябр куни вилоятнинг Янгиариқ туманидаги 17-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 7-синф ўқувчилари ўртасида содир бўлган. Улар катта танаффус пайтида жанжаллашган ва жанжал бошқа бир синфдош қиз томонидан тасвирга олиниб, ижтимоий тармоққа жойланган.

Ушбу вазият туман ИИБ ходимлари иштирокида муҳокама қилиниб, профилактика инспекторлари томонидан Маъмурий Жиноят тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 1-қисми бўйича баённома расмийлаштирилган.

Жанжалда иштирок этган ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбат ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда мактаб директори ўқувчиларни калтаклагани видеоси тарқалган эди. Бундан ташқари, Наманганда касб ҳунар-мактаби «замдиректори» ўқувчиларни дўппослагани ҳақида хабарлар тарқалиб, Болалар омбудсмани ҳолатни назоратга олгани маълум қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: