13:13 | 19.12.23
Bugun.uz маълумотларига кўра, Мансуров 20 миллион доллардан ортиқ пул маблағларини ўзлаштиришда иштирок этган.
Bugun.uz манбасига кўра, Марказий банкнинг Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Мансуров Эркин Мухторовичга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Унга нисбатан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда мансаб сохтакорлиги моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Манбанинг маълум қилишича, Эркин Мансуров Жиноий гуруҳлар билан тил бириктириб, ноқонуний кредит ажратишга ёрдам берган ва жуда катта миқдорда – 20 миллион доллардан ортиқ пул маблағларини ўзлаштиришда иштирок этган.
Эркин Мансуров 2012 йилдан 2021 йилгача «Ипотека-банк» акциядорлик тижорат банкининг Бухоро вилояти филиали бошқарувчиси лавозимида ишлаб келган. 2021 йилда Марказий банк Бухоро вилояти бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган.
У 1979 йил Бухоро вилоятида туғилган. Меҳнат фаолиятини «Пахтабанк» (ҳозирги Agrobank) Бухоро вилояти филиалидан бошлаган. Кейинчалик Марказий банк Бухоро вилоят бош бошқармасига ўтиб, турли лавозимларда фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро тумани ҳокими Хайрилло Жўраев учта модда бўйича гумонланиб қамоққа олингани маълум қилинганди. Шунингдек, Солиқ идораларининг бир нечта мансабдор шахслари ҳибсга олингани хабар қилинди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: