11:26 | 19.12.23
Туманга уч йилдан бери ҳокимлик қилиб келаётган Жўраев учта модда бўйича гумонланмоқда.
Bugun.uz маълумотларига кўра, Бухоро тумани ҳокими Хайрилло Жўраев Қодирович қамоққа олинди. У Жиноят кодексининг 205 (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 207 (мансабга совуққонлик билан қараш) ва 229-4-моддаларида (ўзбошимчалик билан ер бериш тартибини бузиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.
Хайрилло Жўраев Бухоро тумани ҳокими лавозимига 2020 йилнинг 3 декабр куни тайинланган ва 3 йил давомида ҳокимлик лавозимини бажарган. Бунгача у «Ғиждувон» ЭИЗ раҳбари вазифасида ишлаб келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ҳибсга олингани ҳақида хабар берилганди. Воитов ҳибсга олиниши бўйича Олий суд муносабат билдириб, собиқ вазир Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланаётганини маълум қилганди.
Бундан ташқари, Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳокими Шуҳрат Мирзаев коррупцияга қарши курашиш тадбири доирасида бюджет пулларини ўзлаштирганликда айбланиб қўлга олинганди. Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Саидаҳмад Султанов ерларни ноқонуний сотиш билан боғлиқ иш доирасида ушлангани маълум қилинганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: