17:56 | 10.02.23

                       

Ўзбекистон Афғонистонга шартномада белгиланганидек электр энергия етказиб беришни бошлади

DABS вакилларининг сўзларига кўра, Кобул аҳолиси ҳозирда суткасига 9 соат электр энергияси билан таъминланмоқда

Ўзбекистон Афғонистонда электр энергия етказиб беришни қайта тиклади. Бу ҳақда Афғонистон Миллий электр компаниясига (DABS) таяниб, Tolo News хабар берди.

DABS вакилларининг сўзларига кўра, Кобул аҳолиси ҳозирда суткасига 9 соат электр энергияси билан таъминланмоқда.

«Ҳеч қанақа муаммомиз йўқ; Ўзбекистонда импорт қилинаётган 400 мегавват электр энергияси билан заводларни 9 соатга таъминлаяпмиз ва саноат ишлашни давом этмоқда. Шунингдек, Кобул аҳолисини кундузи 5 соат, кечаси 4-5 соат электр энергияси билан таъминлаяпмиз», — дейди DABS’нинг Кобулдаги директори Ҳикматулло Охунзода.

Аммо Афғонистон Саноат ва тоғ-кон палатаси маълумотларига кўра, корхона ва заводларга ажратилаётган 9 соатлик электр таъминоти уй хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун етарли бўлмаяпти.

«Ўтган ҳафта мамлакат саноат, айниқса, Кобулдаги заводларнинг 90 фоизи электр энергияси йўқлиги сабаб тўхтаб қолган, аммо ҳозирда уларнинг 50 фоизи нормал ишга қайтган», — дейилади хабарда.

DABS вакилларининг айтишича, Кобулдаги саноат паркларига 160 мегаватт электр энергияси талаб этилади ва ҳозирда компания пойтахтдаги заводларга фақат 100 мегаваттгача электр етказиб бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Толибон Ўзбекистондан ўз мажбуриятларини бажаришни талаб қилгани, Толибон Ўзбекистон билан 2023 йил учун электр энергияси етказиб бериш бўйича шартнома имзолагани, Толибон мамлакатда электр энергиясидаги узилишларда Ўзбекистонни айблагани ҳамда Ўзбекистон Толибон айбловларини рад этгани ҳақида хабар берилганди.

Январь охирларида Энергетика вазирлиги Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергиясини етказиб бериш қайта тикланиши режалаштирилаётганини маълум қилганди. «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ва ички истеъмолга мўлжалланган электр энергияси экспортга йўналтирмайди. Ҳукуматлараро келишувга мувофиқ амалга ошириладиган электр энергияси импорт амалиётининг бир қисми Афғонистонга (имзоланган шартномаларга мувофиқ) экспорт қилинади», — дейилганди вазирлик хабарида.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: