18:08 | 23.01.24
Элчихона қандай ҳолларда фуқароларни виза суҳбатига қабул қилмаслигини ҳам айтиб ўтди.
Тошкентдаги АҚШ элчихонаси виза учун мурожаат қилмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат билан чиқди. Элчихонанинг маълум қилишича, 2024 йилнинг 13 февралидан эътиборан, барча ноиммиграцион виза мурожаатчиларидан, айнан суҳбатга рўйхатдан ўтиш вақтида фойдаланилган DS-160 анкетасини суҳбат куни ҳам тақдим этишларини талаб эта бошлайди.
Келтирилишича, суҳбатга фарқли DS-160 анкетасининг тасдиқланган саҳифаси билан ташриф буюрган мурожаатчилар виза суҳбатига қабул қилинмайдилар ва улардан қайта суҳбатга рўйхатдан ўтишлари сўралади.
«Сиз суҳбатга рўйхатдан ўтиш учун фойдаланган DS-160 анкетаси тўлиқ тўлдирилмаган ёки сезиларли хатоларни ўз ичига олган бўлса, у ҳолда, янги DS-160 анкета тўлдиришингиз ва анкетанинг янги баркод рақамидан фойдаланган ҳолда, янги суҳбат куни белгилашингиз керак бўлади. Агар анкетангизга фақатгина кичик ўзгартиришлар киритишингиз зарур бўлса, у ҳолда янги анкета тўлдирмасдан ва қайта суҳбат куни белгиламасдан, виза суҳбатига келишингиз мумкин бўлади. Ходимларимиз анкетангиздаги кичик хатоларни тўғрилашда кўмак беришлари мумкин», — дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ўзбекистонликларнинг депортация қилинганига изоҳ бергани ҳақда хабар берилганди. Шунингдек, элчихонада ўрнатилган ҳаво сифатини назорат қилувчи қурилма бузилмагани маълум қилинганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: