13:03 | 24.02.23

                       

Путин Украинадаги урушни қандай бошлагани маълум бўлди

Financial Times’нинг ёзишича, у Украинага ядровий зарба бериш фикридан қайтган

Россия президенти Владимир Путин Украинада ядровий қуролни қўллаш имкониятини кўриб чиқиб, чекланган даражадаги ядровий зарба ҳам Россияга фойда келтирмаслиги тўғрисидаги хулосага келиб бўлган. Бу ҳақда Financial Times газетаси Кремлга яқин манбаларига таяниб хабар берди.

Медведчук ва Путин
Фото: AP Photo

«Унда тугмани босиш учун сабаб йўқ. Украинага бомба ташлашдан маъни борми? Масалан, Запорожьеда тактик ядровий бомбани портлатдингиз дейлик. У ерда нурланиш ҳосил бўлади ва ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳудудга кириб бўлмай қолади. Хўш, бундан нима фойда?», — дейди исми ошкор этилмаган россиялик собиқ амалдор.

Нашр ядровий қуролдан фойдаланишга муқобил вариант сифатида Россиянинг бир томонлама тартибда Стратегик ҳужум қуроллари тўғрисидаги шартномаси («СНВ-3»)дан чиқишини келтирган. Путин 21 февраль куни Федерал мажлисга мурожаатида унинг тўхтатилишини эълон қилди, 22 февраль куни Давлат думаси ва Федерация Кенгаши тегишли қонунни қабул қилган.

«Шартноманинг тўхтатилиши Путин уруш бошланганидан бери эскалацияга қаратилган энг аниқ қадам бўлди. Бу сафар Путин ядро қуролидан ростдан ҳам фойдаланиш билан таҳдид қилмади, буни таҳлилчилар у Россиянинг чекловларини тушуна бошлаганининг белгиси сифатида талқин қилишмоқда», — деб ёзади нашр.

Нашр манбалари Путин урушни қандай бошлагани ва уни қай йўсинда давом эттирмоқчилиги ҳақида батафсил гапириб берган. Уларнинг сўзларига кўра, Украинага ҳужум қилиш борасидаги режадан фуқаролик амалдорлари орасида биринчи бўлиб ташқи ишлар вазири Сергей Лавров хабар топган — бу 24 февралга ўтар кечаси содир бўлган. Шу куни кечаси Путин россиялик бизнесменлар билан учрашув ўтказган ва улардан бири Лавровдан Путин қандай қилиб ҳужумни бу қадар тор доирада режалаштиргани ҳақида сўраган. «Унинг учта маслаҳатчиси бор: Иван Грозний, Буюк Пётр ва Буюк Екатерина», — деган Лавров.

Маълумотларга кўра, Киев эгаллангач, Украина раҳбарлигига Виктор Медведчукни қўйиш режалаштирилган. 2014 йилда Россияга қочиб кетган Украинанинг собиқ президенти Виктор Янукович ўз видеомурожаати орқали унинг тайинланишини легитимлаштириши керак эди.

Айнан Медведчук ФХХ билан бирга Путинни украинлар Россия қўшинларини қучоқ очиб кутиб олишига ишонтирган. Украина қаршилик кўрсатиши маълум бўлгач, Путин урушнинг ҳақиқий баҳосини тушуниб етган, аммо ҳозирга қадар уни якунлашга тайёр эмас. «У яқин дўстига ‘Биз умуман тайёр эмас эканмизʼ, деган. Армия тартибсиз. Саноат тартибсиз. Бироқ бу ҳақда НАТО ҳужум қилган вақтда эмас, ҳозир хабар топганимиз яхши бўлдиʼ», — деган.

FT суҳбатдошларининг айтишича, Путин атрофидаги одамлар яна торайган, кўпчилик унга ҳақиқатни айтишга қўрқади. Шу сабабли ҳам Россия президенти тезкор ғалабага ишонган.

Аввалроқ Россия президенти Владимир Путиннинг Федерал Мажлисга мурожаати Ғарб ва Украина томонидан танқид қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: